23 Fevral 2024, 13:08 Ўзбекистон

Тошкент ИЭС бўйича қатъий чора кўриш зарур – Экопартия

Ҳолатни ўрганган ишчи гуруҳ Энергетика вазирлигидан аниқ чоралар кўришни сўрамоқда.

Тошкент ИЭС бўйича қатъий чора кўриш зарур – Экопартия

22 феврал куни Тошкент ИЭС фаолиятини Экологик партия, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура вакиллари ҳамда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ ўрганиб чиқди. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, станция Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлувчи зарарли моддалар чиқараётгани аниқланган.

Тошкент ИЭС электр энергияси ва иссиқлик энергияси узилишларининг олдини олиш мақсадида мазутдан фойдаланаётгани маълум бўлган. Шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича мавжуд ускуналарнинг маънан эскиргани, атмосфера ҳавосига зарарли моддалар ажралиб чиқишининг олдини олишга хизмат қиладиган технологияларга зарурат борлиги ҳам айтилди.

Ишчи гуруҳ ҳолатдан келиб чиқиб қуйидагича тавсиялар берди:

  • корхонада атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташламалардан намуналар олиш ва таҳлил қилиш учун автоматик тизимларни жорий қилиш;
  • станциядаги қувурларга атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларни камайтирувчи фильтрлар ўрнатиш;
  • атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқлаш учун стационар кузатув постларини ўрнатиш;
  • станциядаги нефт маҳсулотлари билан ифлосланган сувларни бирламчи тозалаш ҳовузи маънан эскирганлиги сабабли капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш.

Масъуллар берилган таклиф ва тавсияларнинг Тошкент ИЭС акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқариш жараёнига жорий қилиниши юзасидан Энергетика вазирлигидан аниқ чоралар кўришни сўраган.

Машҳур янгиликлар