Тошкент аэропорти янги самолёт буксирларини фойдаланишга қабул қилди
Uzbekistan Airports компанияси махсус транспорт паркини янгилаш ва модернизация қилиш бўйича тизимли ишлар олиб бормоқда.
Uzbekistan Airports Тошкент аэропорти учун TLD Europe (Франция) компаниясидан тўртта янги TMX-150-15 аэродром буксирларини харид қилди.
Аэродром буксири – бу ҳаво кемаларини шатакка олиб юриш учун мўлжалланган ихтисослаштирилган юк машинаси. Хусусан, самолётлар мазкур транспорт воситаси ёрдамида учиш-қўниш йўлагига, туриш жойига, терминалга ёки техник хизмат кўрсатиш учун ангарга етказилади.
Буксир ёрдамида самолётнинг перронда аниқ жойлашишини таъминлаш, авиация ёқилғисини тежаш ва двигателнинг ишлаш муддатини узайтириш, шунингдек, самолётларни аэропорт ичида ҳаракатлантиришда хавфсизликни таъминлашга ёрдам беради.
Uzbekistan Airports компанияси махсус транспорт паркини янгилаш ва модернизация қилиш бўйича тизимли ишлар олиб бормоқда. Жумладан, аэродром мажмуасини тозалаш учун янги универсал машиналар, самолётларни муздан тозалаш машиналари, самолёт ташувчи транспорт, двигателларни ерда ишга тушириш қурилмалари, самолёт салони учун ҳаво кондиционерлари ва бошқалар харид қилинмоқда.
Мавзуга оид хабарлар:
Uzbekistan Airports лазер нурларини ҳаво кемаларига йўналтирганлик учун жавобгарлик борлигини эслатди Биринчи чоракда Ўзбекистон аэропортлари 3 млн йўловчига хизмат кўрсатди Тошкент аэропортидаги махсус техника парки янги амбулифтлар билан тўлдирилди