Термизда Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтади
Машғулотларда ҳарбий бўлинмалар ўртасида терроризмга қарши биргаликда курашиш ва бошқа операцияларни амалга оширишда мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва жипсликни оширишга асосий эътибор қаратилади.
Бугун Ўзбекистон ва Ҳиндистон Мудофаа вазирликлари бўлинмалари ўртасида «Термиз» ҳарбий полигонида «Дўстлик» қўшма ҳарбий ўқув машғулотларининг бешинчи давраси бошланмоқда.
«Дунё» хабарига кўра, бу икки давлат ўртасидаги бешинчи ҳарбий машғулот бўлмоқда. 2019 йилдан буён шу пайтгача «Дўстлик» машғулотлари ҳар икки давлатда икки мартадан ўтказилган.
Аввалгиларидан фарқли равишда навбатдаги қўшма тадбирда томонларнинг 60 нафардан ҳарбий хизматчиси иштирок этмоқда. Шунингдек, қуруқликдаги қўшинлар вакилларига ҳарбий ҳаво кучлари мутахассислари ҳам қўшилган.
Машғулотларда ҳарбий бўлинмалар ўртасида терроризмга қарши биргаликда курашиш ва бошқа операцияларни амалга оширишда мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва жипсликни оширишга асосий эътибор қаратилади.
Ўзбекистонда ташкил этилаётган ҳамкорликдаги ҳарбий ўқув машғулотлари Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
Хусусан, Doordarshan миллий телеканали, Asian News International ахборот агентлиги, The Economic Times газетаси, The Print ахборот портали ва бошқа оммабоп манбаларда қўшма ҳарбий машғулотларнинг тарихи ва аҳамияти ҳақида мақолалар чоп этилди.
Икки давлат мудофаа идоралари ўртасидаги ҳамкорлик режасига мувофиқ ташкил этилган машғулотлар 28 апрелгача давом этади.
Мавзуга оид хабарлар:
Ҳиндистон армияси штаб бошлиғи Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюрди Ўзбекистоннинг янги элчиси Ҳиндистон президентига ишонч ёрлиқларини топширди Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси ўз миссиясини якунлади