Термиз эркин савдо зонасида 15 кунлик визасиз режим жорий этилади
Шунингдек, Афғонистон ва Покистон фуқароларига ҳудуд ичида дўкон ва бинолар сотиб олишга рухсат берилди.
Шавкат Мирзиёев «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирларни тасдиқлади. Фармон Lex.uz’да эълон қилинди.
Фармон билан марказ ҳудудида фаолият юритувчи Ўзбекистонда рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларига Афғонистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун тасдиқнома олмасдан меҳнат шартномалари асосида ишга қабул қилишга рухсат берилади.
Афғонистон ва Покистон фуқароларига савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш учун мўлжалланган бино ва иншоотларни ижарага олиш, шунингдек, истисно тариқасида, мулк ҳуқуқи билан сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Бунда ер участкасига бўлган ҳуқуқ қонунчиликда белгиланган тартибда ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.
- Шу билан бирга, улгуржи ва чакана савдода тўлов воситаси сифатида, истисно тариқасида, ўзбек сўми билан бир вақтда АҚШ доллари, Россия рубли, евро, юань валюталарини қабул қилишга рухсат берилади. Бунда қабул қилинган нақд хорижий валюта Марказда ташкил этилган тижорат банклари филиаллари орқали Марказда фаолият юритадиган юридик шахсларнинг ҳисобварақларига ўтказилади;
- Марказ ҳудудида ташкил этиладиган замонавий тиббиёт клиникасида Афғонистон фуқароларига тиббий хизматлар кўрсатилади ҳамда ушбу клиникада даволаш имкони бўлмаган оғир турдаги касалликларга чалинган беморларга республика ҳудудида жойлашган давлат ва нодавлат тиббиёт муассасаларида даволаниш учун тиббий кириш визалари олиш учун йўлланма берилади.
Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар марказ ҳудудига шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида назорат-ўтказиш пунктларида белгиланган тартибда текширувдан ўтказилгандан сўнг киритилади ҳамда уларга марказ ҳудудида ташкил этилган барча хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилади.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш визасини расмийлаштирмасдан, чегара ва божхона назоратидан ўтган ҳолда махсус йўлак орқали кириши (чиқиши) ҳамда ўн беш кун муддатгача марказ ҳудудида бўлиши тартиби жорий этилади.
Савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш учун мўлжалланган бино ва иншоотларни олган, шунингдек, шартнома асосида ишлаш, таълим муассасаларида ўқиш, банк филиалларида фаолият юритиш, савдо-сотиқ ва бошқа фаолият тури билан шуғулланиш мақсадида ташриф буюраётган мамлакатда ўн беш кундан ортиқ муддат бўлишни режалаштирган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирган ҳолда кириб келишлари талаб этилади.
Мавзуга оид хабарлар:
Беш ойда савдо соҳасидаги корхоналар қанча солиқ тўлагани очиқланди Магистраль йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил қилинади