23 Fevral 2024, 15:20 Ўзбекистон

Суриядаги террорчилар сафида жанг қилиб жароҳатланган ўзбекистонлик йигит қўлга олинди

Йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 155 прим 2-моддаси (Террорчилик фаолияти учун ўқувдан чиқиш) ҳамда 244 прим 2- моддаси (Диний экстремистик ташкилотлар тузиш, уларда қатнашиш) билан жиноий иш қўзғатилди.

Суриядаги террорчилар сафида жанг қилиб жароҳатланган ўзбекистонлик йигит қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати Суриядаги террорчилар сафида жанг қилиб, жиддий жароҳатланган ўзбекистонлик йигит қўлга олингани ва Ўзбекистонга олиб келинганини маълум қилди.

ДХХнинг қайд этишича, 2000 йилда Жиззах вилоятида туғилган йигит интернетда «Абдуллоҳ Зуфар», «Содиқ Самарқандий»ларнинг аудио, видеомаърузаларини тинглаб, томоша жараёнида Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти аъзоси билан танишган.

Кейинроқ виртуал танишининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг эътиборига тушмаслик бўйича берган кўрсатмалари асосида 2023 йилнинг июнь ойида авиачиптани айнан учиб кетиш куни қиммат нархда бўлишига қарамай, сотиб олиб, Истанбулга жўнаб кетган, дейилади хабарда.

«Сурияга келишингни ҳеч кимга айтма деди. Биринчи Туркиянинг Истанбул шаҳрига билет оласан, чипта олиш мобайнида уни олдиндан буюртма қилма деди. Уни самолёт учиш вақтига олсанг, ҳеч ким сенинг ўша ерга кетаётганингни билмайди, дея ўргатди. Чипта олгани бордим. Учаётган самолёт вақти тиғиз бўлгани учун чиптани 2 ёки 3 баравар қиммат нархда олдим, шу самолётда учиб кетдим. Муҳаммад исмли араб бола кутиб олди. Кейин у мени Идлибга олиб борди. 23 июнь куни деворни кесиб ўтиш орқали Сурия ҳудудига ўтдик», — дея изоҳ берди у.

Мен бу ердан кетаётган вақтимда менга ташланган видеолар орқали Сурияда исломий ҳаёт яхши қуриляпти, у ерни исломга амал қилинадиган давлат, дея ўй-хаёл қилганман. Идлибгача борганимдан кейин, ён-атрофда бомба портлатилганини кўрганимдан кейин унақа фикр кетди. Умуман тескари бўлган фикр миямга ўрнашиб қолди, дея қўшимча қилди йигит.

Таъкидланишича, Туркия орқали Сурияга ўтган жиззахлик йигит «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти аъзолари сафида ғоявий ҳамда ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Аммо Сурия ҳукумати кучлари томонидан амалга оширилган ҳарбий амалиётлар туфайли жиддий жароҳат олган. Соғлиғи тикланганидан кейин террористик ташкилотнинг хўжалик ишларига жалб этилган.

«35−40 кун оғир аҳволда шифохонада ётдим. Шароитлари: овқат берилмайди, чамаси 15−20 кун атрофида ҳеч нима емадим. Дорилар ҳам ўз вақтида қилинмади. Ётган жойимда бўлса ҳам бизга келиб, дарс ўтишни бошлашди. Ҳижрат ва жиҳод қандай қилинишини тушунтирди. Кофирларга қарши курашишимиз керак, деган нарсаларни айтишди. Сурия давлати бизга зулм қиляпти, уларга қарши туришимиз керак, деган фикрларни бизга дарс қилиб ўтиб беришди», — деди у.

Кейинчалик бу ишлар нотўғрилигини билдим. Чунки мен бу ерга жиҳод қиламан деб борган жойимда бунақа нарса йўқ эканини англаб етдим. Умрим бекор ўтиб кетди. Инсонлар тинч жойда яшаётганини ҳис қилиши керак, дея таъкидлади 24 ёшли йигит.

У 2023 йилнинг декабрь ойида даволаниш учун Суриядан қўшни давлатга ўтган вақтида қўлга олингач, Ўзбекистонга олиб келинган. Йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 155 прим 2-моддаси (Террорчилик фаолияти учун ўқувдан чиқиш) ҳамда 244 прим 2- моддаси (Диний экстремистик ташкилотлар тузиш, уларда қатнашиш) билан жиноий иш қўзғатилди.

Машҳур янгиликлар