1 Iyun 2024, 14:25 Oʻzbekiston

Суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга баҳорда 600 минг тупдан ортиқ кўчат экилди

Баҳорда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга 600 минг тупдан ортиқ кўчат экилди.

Суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга баҳорда 600 минг тупдан ортиқ кўчат экилди

«Яшил макон» миллий лойиҳасини амалга оширишнинг баҳорги мавсумида суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга 600 минг тупдан ортиқ кўчат экилди. Айрим вазирлик, идора ва тармоқлар бунга етарлича эътибор бермаган.

Бу ҳақда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология масалалари қўмитасининг 31 май куни бўлиб ўтган йиғилишида сўз борди, деб хабар берди Ўзбекистон парламенти юқори палатаси матбуот хизмати.

Сенаторлар кўчатларни парвариш қилиш, жумладан, суғориш ва касалликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаётганини таъкидлади. Президентнинг 2023 йил 23 ноябрдаги 199-сонли фармонига мувофиқ ҳудудларда экилган дарахтларнинг касаллик ва зараркунандаларга қарши механик, биологик, кимёвий кураш тадбирларини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, ушбу масала ҳал этилмасдан қолаётганди таъкидланди.

Ҳокимликлар, вазирликлар, идора ва ташкилотлар томонидан аввалги мавсумларда экилган, табиий ва бошқа омиллар ҳисобига қуриб қолган дарахтларни хатловдан ўтказиш, кўкармасдан қуриб қолганлари ўрнига янги кўчатларни экиб ўрнини тўлдириш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Йиғилиш якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Хусусан, экилган кўчатлар ҳақидаги маълумотларни Yashilmakon.eco электрон платформасига ўз муддатида ва ҳаққоний жойлаштириш, кузги мавсумда ҳар бир ҳудуднинг иқлими, тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда дарахт тури ва экиш жойларни белгилаш лозимлиги таъкидланди.

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига «Яшил макон» лойиҳасининг амалга оширилиши устидан қаттиқ парламент ва жамоатчилик назоратини давом эттириш тавсия этилди. Жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг 7 мартдаги фармойишига асосан жами 200 млн, шундан баҳор мавсумида 125 млн туп кўчат экилиши белгиланган бўлиб эди, амалда эса баҳор мавсумида 138,1 млн туп (10,5 фоиз кўпроқ) дарахт кўчатлари экилган.

Кўчатларни агротехник талабларга мос равишда экиш, уларни парваришлаш, суғориш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирларини тўғри ташкил этишга қаратилган 914 та амалий семинар ўтказилди. Кўчатларни суғориш учун 253 та сув чиқариш қудуқлари ва 2906 км узунликда суғориш тизимлари ўрнатилган. Суғориш манбаси мавжуд бўлмаган ҳудудларга суғориш учун 991 та махсус техникалар бириктирилган. Ўтган даврда 377 гектар майдонда кўчатхоналар ташкил этилиб, уларда 120 млн ниҳол ва кўчатлар етиштирилган. Ҳудудларда 747 та кўчат савдо ярмаркаси фаолияти йўлга қўйилган.

Mashhur yangiliklar