10 Aprel 2024, 08:18 Oʻzbekiston

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

«Шундай саодатли дамларга етказгани учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсин… Инсон қадрини улуғлайдиган савобли ишларимиз бардавом бўлсин!», дейилади табрик сўзида.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табригини йўллади.

Давлат раҳбари муқаддас динимиз буюрган ибодат ва амалларни муборак Рамазон ойида чин дилдан, ихлос билан адо этиб, ҳайит айёмини катта шоду хуррамлик билан кутиб олаётганларни, мўмин-мусулмонларни, халқни самимий табриклаб, барчага юксак эҳтиром ва энг эзгу тилакларни изҳор этди.

«Шундай саодатли дамларга етказгани учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсин! Сидқидилдан қилган дуо ва ниятларимиз, эҳсон ва амалларимизни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул айласин! Инсон қадрини улуғлайдиган савобли ишларимиз бардавом бўлсин!», дейилади табрик сўзида.

Президент ислом дини – тинчлик, эзгулик ва инсонпарварлик дини эканини, муқаддас китобларда «Тинчлик-омонлик, ўзаро дўстлик ва аҳилликка интилиб яшаш – чин мўминга хос фазилат» деб таъкидланганини эслатди.

Давлат раҳбари бу йил ҳам Рамазон ҳайити муносабати билан юртимизда уч кунлик дам олиш эълон қилингани, бу эса байрамни янада файзли ва мазмунли ўтказишга, ўзаро меҳр-мурувват ришталарини боғлашга хизмат қилишини таъкидлади.

«Ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ишлар келгусида ҳам давом эттирилади. Бунинг учун ҳозир дунёда юзага келган ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда диёримиздаги тинч ва осойишта ҳаётни кўз қорачиғидек асраб, янада ҳамжиҳат бўлиб, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимизни янги босқичга кўтариш зарурлигини, ўйлайманки, барчамиз яхши англаймиз», дейилади табрик сўзида.

Президент ёшларни азалий қадриятларимиз билан бирга замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, Ватан тупроғини кўзига тўтиё қилиб яшайдиган инсонлар этиб тарбиялаш асосий бурчимиз эканини доимо ёдда тутишга чақирди. «Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз» деган шиор асосида таълим масканлари ва маҳаллаларда олиб борилаётган тарбиявий ишларни кучайтириш кераклигини таъкидлади. Бу борада Ҳаж ва Умра сафарларига бориб келган юртдошлар «маҳалла еттилиги» ва фаоллар билан бирга алоҳида ўрнак кўрсатиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланишини қайд қилди.

«Яратганнинг раҳмати ва мағфирати зиёда бўлиб турган ушбу мунаввар лаҳзаларда хориждаги юртдошларимизни, узоқ ва яқин давлатлардаги барча мусулмон умматини Рамазон ҳайити билан сидқидилдан муборакбод этамиз. Қалбларимиз қувончга тўлган мана шу мўътабар айёмда сизларни муборак Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин юракдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Илоҳим, барча эзгу ниятларимиз амалга ошсин. Яратганимизнинг ўзи эл-юртимизни паноҳида асрасин! Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!», дейилади табрик сўзи якунида.

Mashhur yangiliklar