18 Aprel 2024, 15:43 Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказди

Ўзбекистон президенти иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши биродар халқларимизнинг туб манфаатларига тўлиқ мос келишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказди

Душанбедаги “Қасри Миллат” давлат қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказди.

Сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Етакчилар Марказий Осиёнинг манфаатларини илгари суриш ва унинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақавий тузилмалар ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишларини тасдиқладилар.

Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиш экани таъкидланди.

Шу маънода, иттифоқчилик муносабатларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш барча даражалардаги мулоқотлар натижадорлигини оширишни тақозо этиши қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, охирги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 40 баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони 15 баробар кўпайди.

Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш, шу жумладан ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш, чегараолди савдо зоналарини тезкор ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилган бўлиб, унинг якунида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг катта портфели шакллантирилди.

Машинасозлик, электротехника, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларидаги ўзаро манфаатли лойиҳалар шулар жумласидан.

Томонлар кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режаларни ҳам белгилаб олдилар. Шу мақсадда қўшма Инвестиция компаниясининг салоҳиятидан фойдаланилади.

Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Кинотомошалар, концертлар, спектакллар, кўргазмалар ва ёшлар форумлари мунтазам ўтказилиши таъкидланди. Таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳамёнбоп туризм дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Машҳур янгиликлар