Шавкат Мирзиёев Озарбайжон маданият вазири билан учрашув ўтказди
Ўзбекистон етакчиси сўнгги йилларда маданий алмашинув фаоллашганини катта мамнуният билан қайд этди.
Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни Озарбайжон маданияти кунларини ўтказиш доирасида Ўзбекистонда бўлиб турган Озарбайжон Республикаси маданият вазири Адил Каримлини қабул қилди.
Учрашув аввалида Адил Каримли давлат раҳбарига Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг саломлари ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини, шу жумладан устувор ҳисобланган гуманитар соҳадаги алоқаларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон етакчиси сўнгги йилларда маданий алмашинув фаоллашганини катта мамнуният билан қайд этди.
2024 йил бошидан буён Боку шаҳрида Ўзбекистон илм-фани ва маданияти кунлари, кўргазма ва «Лазги» миллий балети премьераси муваффақиятли ўтказилди.
Бугун бошланган Озарбайжон маданияти кунлари доирасида шоир ва мутафаккир Муҳаммад Фузулий китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, кўргазма, саҳна асарлари намойишлари ва бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
«Йўл харитаси» асосида фаол мулоқотни ва табирларга бой маданий дастурни давом эттириш, ЮНEСКО, ТУРКСОЙ ва АЙСEСКО каби халқаро ташкилотлар доирасида қўшма ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Мавзуга оид хабарлар:
Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтади