Сенат фискал тартиб-қоидаларни бузганлик бўйича жаримани 98 фоизга камайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Мазкур қонун билан Солиқ кодексига фискал ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланиладиган молиявий санкциялар камайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227-1-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.
Киритилаётган ўзгартиришга кўра, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жавобгарлик янада либераллаштирилмоқда.
Хусусан, мазкур қонун билан Солиқ кодексига фискал ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланиладиган молиявий санкциялар камайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартиб-қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда жарима миқдори охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг икки фоизини ташкил этади.
Мазкур ҳуқуқбузарлик молиявий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдори 20 фоизни ташкил этиши белгиланмоқда. Аввал тадбиркорлар ушбу қонунбузилиш ҳолати учун охирги ҳисобот чорагида эга бўлган соф тушумни жарима шаклида тўлашга мажбур бўлаётган эди. Эндиликда фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган молиявий жарима миқдори қарийб 98 фоизга қисқартирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни янада мақбуллаштиришга ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид хабарлар:
O‘zbekiston va Xitoy o‘rtasida maxfiy axborotni himoya qilish to‘g‘risidagi bitim ma’qullandi O‘zbekistonda Tadbirkorlik kodeksi ma’qullandi Din ishlari bo‘yicha qo‘mita raisiga yangi o‘rinbosar tayinlandi Ijtimoiy himoya milliy agentligining vakolatlari kengaytiriladi Ish qidirayotgan shaxslarni roʻyxatga olish tartibi soddalashtiriladi