19 Aprel 2024, 14:17 Ўзбекистон

Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи фирибгарлик ва пора беришда гумонланмоқда

​​​​​​​Лавозимига тайинланганига бир ой бўлган Мерей Омонбоевага жиноят иши қўзғатилди. 2020 йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган Омонбоева давлат раҳбарининг Навоий вилоятига ташрифи чоғида «Сиздан дух олдик», дегани билан жамоатчилик эътиборга тушганди.

Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи фирибгарлик ва пора беришда гумонланмоқда

Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоевага нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Манбага кўра, Омонбоева фирибгарлик жиноятини содир қилганликда гумонмоқда. У Навоий шаҳар ҳокими орқали ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, қурувчи тадбиркордан катта миқдорда пул олган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28,211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

27 ёшли Мерей Омонбоева 2020 йил Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. У 2024 йил 6 март куни Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Тайинловга қадар Навоий шаҳри “Зарафшон” МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаб келаётган эди.

Машҳур янгиликлар