Саудия Арабистони компанияси Ўзбекистонда халқаро мактаблар очмоқчи
Мактабгача таълим муассасалари ҳам ташкил этилиши, унда 6 ёшгача бўлган болаларга мактабга тайёргарлик бўйича кучайтирилган дарслар ўтилиши қўшимча қилинди.
Саудия Арабистони компанияси Ўзбекистонда халқаро мактаб ташкил этиш имкониятлари билан танишмоқда, деб хабар берди «Дунё».
Маълум қилинишича, Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов Саудия Арабистонидаги Ал Фарис Интернатионал компанияси раиси Осама ибн Солиҳ билан учрашиб, Ўзбекистонда таълим соҳасида янги инновацион ўқув дастурларини татбиқ этиш, хусусий халқаро мактаблар филиалларини очиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Осама ибн Солиҳ ўзи бошқараётган Al Faris International компанияси таълим соҳасини ривожлантириш, ўқитиш сифатини яхшилаш, ўқувчилар билимини ошириш йўналишида иш олиб боришини билдирди. Компания сармояси билан ташкил этилган халқаро мактаблар дунё мамлакатлари халқаро стандарти IBO’га асосан фаолият олиб бормоқда. Улар Саудиядаги мактаблар орасида энг юқори ўринларда туради.
Элчи Нодиржон Турғунов шу каби мактабларни Ўзбекистонда очиш, ўқувчилар билимини ҳар томонлама яхшилаш ва ўқитувчиларнинг малакавий кўникмасини ошириш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш таклифини билдирди. Саудия томони ушбу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, бу борада барча имкониятлар мавжудлигини билдирди.
«Биз юз фоиз ўз капиталимиз асосида ёки ўзбекистонлик шериклар билан халқаро мактабларни ташкил этишга тайёрмиз. Ушбу мактабларда халқаро стандартларга мос равишда таълим берилади, ўқиш хорижий ва маҳаллий тил қатъий талаби асосида олиб борилади», — деди у.
Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасалари ҳам ташкил этилишини, унда 6 ёшгача бўлган болаларга мактабга тайёргарлик бўйича кучайтирилган дарслар ўтилишини қўшимча қилди.
Мавзуга оид хабарлар:
Saudiyadan O‘zbekistonga muntazam reyslar yo‘lga qo‘yiladi Eron Saudiya Arabistoniga urush bilan tahdid qildi Saudiya Arabistonida 200 ga yaqin odam qatl qilindi Saudiya Arabistoniga bormoqchi bo‘lganlar ogohlikka chaqirildi Krishtianu Ronaldu jazoga tortilishi mumkin