28 Iyun 2024, 13:07 Ўзбекистон

Самарқандда эркак ўгай ўғлини камар билан савалади

Калтакланган болада тан жароҳатлари аниқланиб, ҳозирда унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳолат юзасидан суд тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Самарқандда эркак ўгай ўғлини камар билан савалади

Ижтимоий тармоқларда эркак кичик ёшдаги болани камар билан калтаклаётгани акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди.

Аниқланишича, ҳодиса 2024 йил 23 июнь куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида содир бўлган. 36 ёшли эркак ўзи билан 2024 йилдан бирга яшаб келаётган аёлнинг 2017 йилда туғилган 6 ёшли ўғлини яшаш хонадони ҳовлисида қўлида бўлган камар билан калтаклаган.

Ҳолат юзасидан 24 июн куни терговга қадар текширув бошланган. Калтакланган болада тан жароҳатлари аниқланиб, ҳозирда унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу борада суд тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Шунингдек, эркак Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси тиббий кўригидан ўтказилганда, унинг руҳиятида ўзгаришлар борлиги аниқланиб, Самарқанд вилояти руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унинг ҳолати юзасидан суд-психиатрик экспертиза тайинланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда қўшимча ахборот берилади.

Машҳур янгиликлар