26 Aprel 2024, 11:02 Oʻzbekiston

Польша Ўзбекистонда тахограф қурилмаларини ишлаб чиқариши мумкин

Ўзбекистонлик мутахассислар юк ташиш назорати соҳасида Польша тажрибасини ўрганмоқда.

Польша Ўзбекистонда тахограф қурилмаларини ишлаб чиқариши мумкин

Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи Жамшид Каримов бошчилигидаги делегациянинг Польшага хизмат сафари уюштирилди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Ташриф доирасида Полша Инфратузилма вазирлиги Автомобиль транспорти департаменти директори Рената Рихтер билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ва Польша Инфратузилма вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль транспорти бош инспекцияси ўртасида халқаро автомобилда юк ташиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик, хусусан, Польшанинг бу борадаги илғор тажрибасини республикада жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Делегация аъзолари Гроес шаҳридаги текшириш жойига ташриф буюриб, Польша Автомобиль транспорти бош инспекцияси вакиллари билан биргаликда рейд тадбирларида иштирок этди. Вазн ва ҳажм параметрлари, ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига амал қилиши, шунингдек, халқаро юкларни ташиш учун рухсатномаларни текшириш жараёни бўйича Польша тажрибаси ўрганилди.

Бундан ташқари, Тихи шаҳрида Инфолаб Нарлоч компанияси раҳбари Пшемислав Нарлох билан музокаралар ўтказилди. Унда ушбу корхона билан биргаликда Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қиладиган тахограф қурилмаларини (кардридер ва Tachospeed ахборот тизими) ишлаб чиқариш бўйича инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Mashhur yangiliklar