Қозоғистондаги ўзбекистонликлар ноқонуний миграция бўйича рейдлардан огоҳлантирилди
Қонун бузилиши ҳолатлари Олмаота, Остона, Чимкент шаҳарлари ва Мангистау вилоятида кўп учрамоқда. Агентлик қоидаларга риоя қилишни сўради.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистонга ишлаш учун бораётган ва ушбу давлатда бўлиб турган фуқароларни мамлакатда ўтказилаётган ноқонуний миграция бўйича рейдлардан огоҳлантирди.
Қайд этилишича, 3 июндан Қозоғистоннинг барча ҳудудларида миграция соҳасида ҳуқуқбузарликни аниқлаш мақсадида «Нелегал-2024» рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Жараён давомида мамлакат ҳудудида қонуний бўлиб туриш ва қонуний меҳнат миграцияси тартибини бузган чет эл фуқароларига нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.
«Қонунбузилиш ҳолатлари Олмаота, Остона, Чимкент шаҳарлари ва Мангистау вилоятида кўп учрамоқда. Шу муносабат билан ушбу давлатга бораётган ва бўлиб турган юртдошларимиздан миграция қоидаларига риоя қилиш сўралади», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудудида 30 кун муддатгача бўлиб туриши мумкин. Аммо ушбу давр мобайнида меҳнат фаолиятини амалга ошириши тақиқланади. Ишлаш учун ушбу давлатга борган шахсдан дарҳол ишлаш ва вақтинча яшаш учун рухсатнома олиш талаб этилади.
Мавзуга оид хабарлар:
Россиядаги қурилишда рейдга тушган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берилди Ўзбекистондан Россияга меҳнат муҳожирлари оқими қисқариши мумкин Миграция агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди Британияга ишга юборилган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди Йил бошидан буён 115 минг ўзбекистонлик меҳнат миграциясидан қайтиб келди