7 May 2024, 08:17 Oʻzbekiston

ОТМларда давлат гранти ҳар йили қайта тақсимланадиган бўлди

Бундан ташқари, янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди.

ОТМларда давлат гранти ҳар йили қайта тақсимланадиган бўлди

Энди Ўзбекистондаги олийгоҳларда давлат гранти ўринлари энг юқори балл тўплаган абитуриентлар ўртасидаги рақобат асосида белгиланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим тизими бўйича бўлган тақдимотда айтиб ўтилди.

Давлат раҳбарининг шу йил 2 февралдаги қарорига асосан, «Таълим соҳасида лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси тузилган эди. Ўтган вақт мобайнида офис томонидан вазирликлар билан бирга ўқув жараёнларини янги тамойиллар асосида ташкил этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим хизматлари сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш бўйича чора-тадбирлар ва истиқболли ташаббуслар ишлаб чиқилди.

6 май куни президент ҳузурида олий таълим йўналишларини оптималлаштириш, қабул ва малака тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Бугунги кунда бакалавриатда 306 та йўналиш, магистратурада 625 та мутахассислик бор. Лекин уларнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ва уларнинг ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.

Шу боис таълимнинг халқаро таснифи, илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат ва магистратура йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда айни пайтда талаб юқори бўлган соҳаларда янги йўналишлар очиш бўйича таклифлар билдирилди. Олий ўқув юртларида таълим жараёнларини рақамлаштирган ҳолда деканатлар ва бошқа маъмурий тузилмаларни оптималлаштириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Шу нуқтайи назардан, 1 сентябрга қадар ўқув жараёнларини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, янги тизимни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Кейинги асосий масала бу – олий таълимга қабул тизимини янада адолатли қилиш ва давлат грантларини иқтидорга йўналтириш. Ҳозирги қабул тизими, квоталарнинг тақсимланиши рақобатни тўлиқ таъминламаяпти. Айрим абитуриентлар юқори балл тўпласа-да, топширган олийгоҳининг квотаси сонига қараб, ўқишга киролмай қолиши мумкин.

Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди. Яна бир янгилик: энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади. Давлат раҳбари бу тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Mashhur yangiliklar