6 Aprel 2024, 15:20 Oʻzbekiston

Олтин нархининг қимматлаши фонида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари кўпайди

Март ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 2 млрд долларга ошди. Бунга олтин нархининг рекорд даражада қимматлашгани бевосита таъсир ўтказган.

Олтин нархининг қимматлаши фонида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари кўпайди

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади. Унга кўра, 1 апрель ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 34,2 млрд долларни ташкил қилди.

Захиралар март ойига нисбатан деярли 2 млрд долларга кўпайган бўлса-да, йил бошидан бери 374 млн долларга камайган.

Март ойи давомида олтин захираларининг қиймати 24,09 млрд доллардан 25,37 млрд долларгача ошган. Ўз навбатида олтиннинг физик ҳажми 11,9 млн троя унциядан 11,5 млн троя унциягача қисқарган.

Шунингдек, хорижий валюта захиралари қиймати 7,55 млрд доллардан 8,26 млрд долларгача кўпайган.

Маълумот учун, охирги ҳафталарда олтиннинг нархи муттасил равишда ошиб, янги рекордларни ўрнатмоқда. Айни пайтда 1 унция олтин нархи 2329 долларни ташкил этади.

Mashhur yangiliklar