17 May 2024, 13:49 Oʻzbekiston

Ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 2 млрд сўмлик сигарет йўқ қилинди

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг тезкор тузилмалари бошқа идоралар билан ҳамкорликда 5 та ҳолатда қарийб 172,4 минг қути тамаки маҳсулотларини ноқонуний муомаладан олиб қўйган.

Ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 2 млрд сўмлик сигарет йўқ қилинди

16 май куни Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида давлат божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган, қиймати 2 млрд сўмлик 172 392 қути тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш бўйича тадбир ўтказилди. Унда божхона, экология, санитария-эпидемиология хизмати вакиллари, мажбурий ижро тузилмалари ходимлари иштирок этди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг тезкор тузилмалари бошқа идоралар билан ҳамкорликда 5 та ҳолатда 172 392 қути тамаки маҳсулотлари ноқонуний муомаладан олиб қўйган.

Жумладан, биргина 2023 йил 24 август куни ўтказилган тезкор тадбирда 2 нафар фуқаро муқаддам мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб ўтилган 32 номдаги 154 320 қути тамаки маҳсулотларини яшаш хонадонида сақлаб келаётгани аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2024 йил 23 февралдаги ҳукми билан ушбу шахслар Жиноят кодексининг 1861-моддаси 3-қисми а бандида (тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланган. Уларга 4,5 йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Тадбирда суд ҳукми билан йўқ қилиниши белгиланган тамаки маҳсулотлари жамоатчилик гувоҳлигида ёқиб юборилди. Маълум бўлишича, ашёвий далил тариқасида олинган, қиймати 2 млрд сўмлик 172 392 қути тамаки маҳсулотлари хорижда ишлаб чиқарилган бўлиб, улар рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган ва аксиз маркалари билан қадоқланмаган.

Mashhur yangiliklar