Наманганда сел вақтида 2 қизни девор босиб қолди, уларнинг бири ҳалок бўлди
Чуст туманида сел вақтида 16 ва 14 ёшли қизларни уй девори босиб қолди. Уларнинг кичиги воқеа жойида ҳалок бўлди, каттаси эса оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.
Наманган вилояти Чуст туманида 17 июнь куни кузатилган сел оқибатида девор қулаб, 2 қизни босиб қолди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, қизларнинг бири вафот этган.
Қайд этилишича, соат 16:00 да туманнинг «Тоймособод» МФЙ Камарбаста кўчасида қизлар — 14 ёшли З.Ю. ва 16 ёшли К.Ю. дарвозахонага кираётган ёмғир сувини тўсиш мақсадида девор олдига борган. Шу вақтда уй девори таг қисми билан уларнинг устига қулаб тушган.14 ёшли З.Ю. воқеа жойида ҳалок бўлган, К.Ю. эса жароҳат олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Марҳумада қўшма шикастлар, калла мия, бўйин, кўкрак қафаси, қорин, чаноқ шикастлари борлиги, калла гумбаз, пешана тепа, ўнг чакка суяк синиқлари калла асосига ўтиши, мия мажағланиши, бўйин ва кўкрак умуртқалари кўплаб синиши, чап томондан кўплаб қовурғалар синиши, ўпкалар ва юракнинг кўкрак қафасидан пастга чиқиб қолиши каби жароҳатлар аниқланган.
Шунингдек, жароҳат олган К.Ю.нинг танасида қўшма шикаст, чаноқ суяклари, ўнг болдир суяклари силжиган синиши, тананинг кўплаб шилинмалари борлиги, ҳолати эса оғир экани кўрсатилган. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид хабарлар:
Farg‘onada sel oqimi ko‘chalarni qum-shag‘alga to‘ldirdi O‘zbekistonning 4 viloyatida sel kelishi xavfi e’lon qilindi Ўзбекистоннинг 8 та вилоятида сел-сув тошқини хавфи эълон қилинди Сурхондарёда кузатилган кучли сел оқибатида 360 бош қўй нобуд бўлди Тоғли ҳудудларда 26−31 март кунлари сел-сув тошқинлари кузатилиши мумкин