Mittivine жамоаси аъзоси Улуғбек марҳум Фарҳод Манноповнинг сўнгги овозли хабарини эълон қилди (видео)
«Бошини эшитиб ўзим ҳам ҳайрон қолганман», — дейди блогер
Mittivine жамоаси аъзоси Улуғбек Шодмонов марҳум Фарҳод Манноповнинг сўнгги овозли хабарини эълон қилди.
Блогер мазкур овозли хабарни жонли эфирларидан бирида мухлисларининг илтимосига биноан эълон қилган. Бироқ овозли хабарни тўлиқ қўя олмаслигини, тўлиқ эшитиш унга оғир эканини таъкидлаган. Мазкур овозли хабар Фарҳод Манноповнинг саломидан бошланган. Улуғбек одатда бундай гаплашишмаслигини айтиб ўтган.
Mittivine тахаллуси билан танилган, Instagram’да 1,1 миллион обуначиси бўлган блогер Фарҳод Маннопов 5 мартга ўтар кечаси вафот этди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда унинг дўстлари маълум қилганди. Маълумотларга кўра, у бир неча кун аввал бассейнда боши ва бурнидан жароҳат олган. Шундан сўнг, ушбу жароҳат устидан операция ўтказилган. Операциядан кейин у кома ҳолатидан чиқа олмаган.
Марҳумнинг дафн маросими 5 март куни Аср намози вақтида бўлиб ўтди. Жанозада 10 мингдан ортиқ одам қатнашгани айтилмоқда. 6 март куни Бош прокуратура Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.