Мирзиёев Доғистондаги терактлар муносабати билан Путинга ҳамдардлик билдирди
Дарбанд ва Махачқалъадаги терактлар оқибатида икки черков, иккита синагога ва йўл-патруль постига уюштирилган ҳужумлар оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди ва яраланди.
Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинга Дарбанд ва Махачқалъа (Доғистон) шаҳарларида террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва фуқаролар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Ўзбекистон етакчиси Доғистондаги террорчилик ҳужумларини қатъий қоралади ҳамда ушбу таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмаларнинг фаол ҳамкорлигини давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
«РИА Новости» хабарига кўра, якшанба куни кечқурун бир гуруҳ қуролланган шахслар Дарбанд шаҳридаги синагога ва черковга қарата ўқ узган. Оқибатда биноларда ёнғин келиб чиққан. Деярли бир вақтнинг ўзида Махачқалъадаги синагога, православ черкови ва йўл-патруль хизмати постига ҳужум қилинган.
Ҳужумларда 15 дан ортиқ полициячи, шунингдек, бир неча тинч аҳоли, жумладан, бир руҳоний вафот этди. Ҳуқуқ-тартибот органларининг 10 дан ортиқ ходими жароҳатланди. Таъкидланишича, 6 нафар жангари ўлдирилгани хабар қилинди. Доғистоннинг Сергокалинский тумани раҳбари Магомед Омаров қўлга олинди, унинг икки ўғли терактларга алоқадор бўлиши мумкин.
Мавзуга оид хабарлар:
Anqarada terakt uyushtirildi. Qurbonlar bor