Кўмир маҳсулотларини талон-торож қилганлик учун жазо чоралари кучайтириляпти
Кўмир маҳсулотларини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.
22 апрель куни Қонунчилик палатасидаги Экологик партия фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда 9 та масала, хусусан, 7 та қонун лойиҳаси ва парламент назоратига доир масалалар кўриб чиқилди.
Унда дастлаб, депутатлар томонидан «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.
Сўнгги йилларда республикада ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қоплаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо айрим ҳолларда кўмир маҳсулотини истеъмолчиларга етказиш ва тарқатишда ёки уларни ташишга мўлжалланган транспорт воситаларидан фойдаланишда яширин равишда оз миқдорда талон-тарож қилиш ҳолатлари учраб турганлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш ва уларга таъсирчан чораларни кўриш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан кўмир маҳсулотларини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Йиғилишда фракция аъзолари қонун ташаббускорларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда қонун лойиҳасини маромига етказишга қаратилган таклиф-тавсияларини билдирди.
Хусусан, кўмир маҳсулотларини етказиш ва тарқатиш пунктларида аҳолига йўналтирилаётган кўмир маҳсулотларининг сифатини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, кўмир маҳсулотлари оғирлигини сунъий равишда ошириш мақсадида бошқа турдаги маҳсулотларни аралаштираётганларга нисбатан ҳам жавобгарлик белгиланишига оид таклифлар илгари сурилди.
Мавзуга оид хабарлар:
2025 йилда кўмир қазиб чиқариш ҳажми 10 миллион тоннага етказилиши кутилмоқда Сурхондарёда корхонанинг 1,7 млрд сўмини талон-торож қилган шахслар аниқланди Бухорода ёдгорликларни таъмирлашга ажратилган 3,3 млрд сўм талон-торож қилинди G7 давлатлари 2035 йилгача кўмирдан воз кечиш бўйича келишувга эришди Ўзбекистонда бир йилда аҳолига қанча кўмир етказиб берилгани айтилди