Йил бошидан буён 115 минг ўзбекистонлик меҳнат миграциясидан қайтиб келди
2024 йилнинг январь-март ойларида 58 минг нафар, апрелда 57 минг нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат миграциясидан қайтиб келди
Шавкат Мирзиёев 10 май куни бўлиб ўтган видеоселекторда 2024 йилнинг дастлабки 4 ойида мамлакатга 115 минг нафар мигрант қайтиб келганини қайд этди.
Президент бандлик ва аҳоли даромади масаласи биринчи даражали аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, бу борада оқсоқликка йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида барча даражадаги раҳбарларни огоҳлантирди. Кейин эса тартибли ва хавфсиз меҳнат миграцияси бўйича гапирди.
2024 йилнинг январь-март ойларида меҳнат миграциясидан 58 минг нафар, апрелда 57 минг нафар фуқаро қайтиб келган. Йил охиригача яна 250−300 минг нафар ўзбекистонлик мамлакатга қайтиши прогноз қилинмоқда. Шавкат Мирзиёев уларни ишга жойлаштириш, ижтимоий масалаларига кўмаклашиш муҳимлигини таъкидлади.
Президент мутасаддиларга миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, «маҳалла еттилиги» тизими билан интеграция қилиш, хорижда меҳнат қилаётган ва қийин вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликларга кўмаклашиш, қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш юзасидан топшириқлар берди.
2023 йил июлида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев йилдан-йилга ўзбекистонлик мигрантларнинг мамлакатдан кетиши эмас, қайтиши сони ортиб бораётганини айтганди. У мигрантлар сони 2 млн нафарни ташкил этаётганини қайд этган.
Мавзуга оид хабарлар:
Россиядаги қурилишда рейдга тушган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берилди «Маҳалла еттилиги» вакиллари ҳар чоракда фуқаролар олдида ҳисобот бериши белгиланди Ўзбекистондан Россияга меҳнат муҳожирлари оқими қисқариши мумкин Қозоғистондаги ўзбекистонликлар ноқонуний миграция бўйича рейдлардан огоҳлантирилди Миграция агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди