8 Aprel 2024, 10:19 Oʻzbekiston

Хитой компанияси Фарғонада керамогранит плиталари ишлаб чиқариш заводини қуради

2024 йил якунида ишга туширилиши режалаштирилаётган ушбу йирик заводда 500 га яқин доимий иш ўрни яратилади.

Хитой компанияси Фарғонада керамогранит плиталари ишлаб чиқариш заводини қуради

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг Crown ceramic компанияси директори Сян Чен Ганни қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда Хитой компаниясининг тўғридан тўғри 40 млн доллар инвестицияси ҳисобига Қувасой шаҳрида барпо этишга киришилган премиум сифатдаги керамогранит плиталари ишлаб чиқариш заводи лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

2024 йил март ойи бошида қурилиш ишлари бошланган ушбу завод, йиллик 10 млн кв/метр юқори сифатдаги ва катта ўлчамлардаги керамогранит плиталари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ички бозор билан бирга МДҲ давлатлари ҳамда Шарқий Европа мамлакатларига экспортга йўналтирилади. 2024 йил якунида ишга туширилиши режалаштирилаётган ушбу йирик заводда 500 га яқин доимий иш ўрни яратилади.

Вилоят ҳокими Сян Чен Ганга Crown ceramic МЧЖ хорижий корхонасининг вилоятда давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани топширди. Хитойнинг яна бир йирик компанияси — Jianhua Ceramics томонидан «Қўқон» ЭИЗ ҳудудида керамика маҳсулотлари ва кафель ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестицион лойиҳа ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳага хитойлик инвесторларнинг 50 млн доллар тўғридан тўғри инвестицияси йўналтирилган.

Mashhur yangiliklar