


Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Германияда бўлди.
Наманган вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация 12-15 ноябр кунлари Берлин ва Штутгарт шаҳарларида бўлиб, йирик немис компаниялари ҳамда ишбилармон доира вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Учрашувлар натижасида ҳамкорликдаги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор келишувлар имзоланди.
Жумладан, Германия пойтахтида BEL — Bio Energy-Land компанияси раиси Фрэнк Рисбек билан кечган учрашувда вилоятда ёпиқ турдаги вертикал иссиқхоналарни ташкил этиш, маҳаллий тадбиркорлар билан биргаликда ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда тегишли инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Навбатдаги учрашувда Александр фон Ҳумболдт жамғармаси департаменти раҳбари Катя Янг билан Наманган вилоятидаги олий ўқув юртларини янада ривожлантириш учун грантлар ажратиш масаласи муҳокама қилинди ва ҳамкорлик бўйича тегишли меморандум имзоланди.
Албштадт-Зигмаринген университетида бўлиб ўтган учрашувда давомида мазкур олий ўқув юрти текстил факультети фаолияти билан танишилди ва Наманган текстиль институти билан профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўқитишни янги методларини жорий қилиш йўналишларида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.