27 Mart 2024, 11:20 Oʻzbekiston

Фарғонада дарахт кесган фуқаро 45 млн сўм товон тўлайди

Ҳуқуқбузарга 100 туп дарахт кўчатини компенсация тарзида экиш ҳамда уларни камида 3 йил парвариш қилиш мажбурияти юклатилди.

Фарғонада дарахт кесган фуқаро 45 млн сўм товон тўлайди

Фарғонада дарахт кесган фуқаро 45 млн сўм товон тўлаб, 100 туп дарахт экади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Экология бошқармаси Марғилон шаҳар бўлимига шаҳар болалар шифохонаси ҳудудида дарахтлар кесилаётганлиги ҳақида мурожаат келиб тушган. Мурожаат ўрганилганида шифохона ҳудудида техник ходим М.И. томонидан бир туп ўрмон фондига кирмайдиган кўп йиллик арча дарахти ҳеч қандай рухсатномасиз кесилганлиги аниқланган.

18 март куни шаҳар экология бўлими давлат инспекторлари томонидан дарахтларни кесмаслик тўғрисида огоҳлантириш хати берилган. Аммо ходим бунга амал қилмаган. М.И. қилмиши учун жами 45 млн сўм тўлайдиган бўлди. Шунингдек, ҳуқуқбузарга 100 туп дарахт кўчатини компенсация тарзида экиш ҳамда уларни камида 3 йил парвариш қилиш мажбурияти юклатилди.

Дарахт кесилиши натижасида табиатга 36,5 млн сўм зарар етказилган. Шунингдек, ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисмига (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 25 баравари — 8,5 млн сўм миқдорида жарима белгиланди.

Mashhur yangiliklar