25 Aprel 2024, 12:47 Oʻzbekiston

ДХХ пора олишда гумонланган адвокат, солиқ ва МИБ ходимларини ушлади

Учқўрғон туманида компанияга жиноий иш очилмаслигига ёрдам бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилган МИБ ходимлари қўлга олинди.

ДХХ пора олишда гумонланган адвокат, солиқ ва МИБ ходимларини ушлади

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда пора олишда гумонланган мансабдорлар қўлга тушди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Қайд этилишича, Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори Гулистон шаҳридаги 3 та МЧЖга тегишли солиқ қарзларини уларни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш йўли билан бартараф қилиб беришини айтган. Эвазига 4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани солиқ инспекцияси катта инспектори эса боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг 2023−2024 йиллар учун ер солиғидан аниқланган 11 млн 200 минг сўм миқдоридаги қарздорлигини бартараф қилиб беришини билдирган ва бунинг эвазига 7 млн сўм сўраган.

Шунингдек, ушбу хўжалик раҳбарининг танишига тегишли нотурар жойнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган 55 млн 100 минг сўм қарздорлигини ҳам тўлиқ бартараф қилиб бериш эвазига 28 млн сўм талаб қилган. Жами 35 млн сўм пул маблағини олган вақтида қўлга олинган.

Бундан ташқари, Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги мева-сабзавот сақлаш фаолияти билан шуғулланувчи компанияга совитиш омбори қуриш ва унга зарур бўладиган агрегатлар сотиб олиш учун 2023 йилнинг январь ойида акциядорлик тижорат банкидан 170 минг доллар миқдорида кредит ажратилган. Бироқ олинган кредитни тўлаш даврида 3 ойлик қарздорлик юзага келиб, уни ундириш мақсадида банк томонидан Мажбурий ижро бюросининг Учқўрғон туман бўлимига мурожаат қилинган.

Шундан сўнг, МЧЖ томонидан кредит қарздорлиги тўланса-да, бюронинг 2 нафар давлат ижрочиси МЧЖ раҳбарини алдаб, гўёки туман прокуратураси томонидан кредит маблағи мақсадсиз сарфлангани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилганини айтган. Уни жавобгарликка тортилмаслигига ёрдам бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилишган. Лекин сўралган пул маблағини олган вақтларида уларга ушланган.

Шу билан бирга, Жиззах шаҳридаги адвокатлар ҳайъати адвокати Жиноят кодексининг 165-моддаси ва бошқа моддалар билан айбланиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ўз ҳимоясидаги судланувчига суд органларидаги мансабдор танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиб беришини билдирган. Аммо у эвазига 10 минг доллар олган вақтида ушланган. Ҳозирда мазкур шахсларинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, дейилади хабарда.

Mashhur yangiliklar