25 Iyun 2024, 13:33 Ўзбекистон

Депутатлар чет эл фуқароларини номақбул деб топувчи қонунни қабул қилди

Бунга мамлакат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, адоват қўзғатувчи, халқ шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини камситувчи нутқ ва ҳаракатлар сабаб бўлиши мумкин.

Депутатлар чет эл фуқароларини номақбул деб топувчи қонунни қабул қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистода бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартибини белгиловчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган. У «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Ҳужжат ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиқиши таъкидланган. У билан Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш шахсни Ўзбекистон Республикасида бўлишини номақбул деб топиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур тоифадаги чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам назарда тутилган.

Мунозаралар давомида депутатлар томонидан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Машҳур янгиликлар