25 Iyun 2024, 11:55 Oʻzbekiston

Деновдаги бозорда ёнғин содир бўлди

5 та туман ФВБдан етиб келган жами 9 та экипаж ёнғинни 1,5 соатда ўчирди.

Деновдаги бозорда ёнғин содир бўлди

25 июнь тунги соат 02:12 да Сурхондарё вилояти Денов тумани Бобур маҳалласидаги бозорда ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ёнғин «Бек» МЧЖга қарашли савдо мажмуаси ҳудудидаги 4 та асосий ва 8 та кичик савдо дўконларида келиб чиққан. Оқибатда 90 квадрат метр майдондаги буюм ҳамда кийим-кечаклар ёнғиндан зарарланган.

Воқеа жойига Денов, Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Қумқўрғон туманлари ФВБларининг 9 та ёнғин-қутқарув экипажлари соат 02:20 да етиб борган. Ёнғин соат 02:30 да қуршаб олинган ва соат 03:50 да батамом ўчирилган.

Мажмуанинг бошқа ҳудудларига ёнғин тарқалишининг олди олинган ва 48 та савдо дўкони ҳамда 500 квадрат метр майдони сақлаб қолинган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ, дейилади хабарда. Ҳозирда ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Mashhur yangiliklar