20 May 2024, 14:20 Oʻzbekiston

Давлат мулкини ижарага бериш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Мансабдорлар давлат мулкини шартнома тузмасдан ижарага берган, ижарачининг мулкни қабул қилиб олишига асоссиз тўсқинлик қилган ва бошқа ҳолларда жаримага тортилади.

Давлат мулкини ижарага бериш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Олий Мажлиси Сенати давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонунни маъқуллади.

Парламент юқори палатасининг шанба куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида таъкидланишича, бугунги кунда амалда давлат мулкидан самарали фойдаланилмаслик ва уни ижарага бериш тартибини бузиш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

2022 йилда 595 та (38,2 минг квадрат метр) ва 2023 йилда 581 та (129,8 минг квадрат метр) ҳолатда давлат мулкини ижарага бериш тартиби бузилгани аниқланган. Натижада баланс сақловчилардан ижара тўлови давлат мулкидан фойдаланилган давр учун унинг икки баравари миқдорида, яъни 1,8 миллиард сўм ундирилган.

Масалан, Сирдарё вилоятидаги 6-сонли мактаб маъмурияти 181,5 квадрат метр майдонни кимошди савдосисиз 4,3 млн сўмга ижарага олган. Яна бир ҳолатда, фуқаро Нукус шаҳридаги 100 квадрат метр майдонни ижарага бериш кимошди савдосида ғолиб деб топилган, аммо баланс эгаси — Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича олий спорт маҳорат мактаби тадбиркорга объектдан фойдаланишга рухсат бермаган.

Mashhur yangiliklar