24 Aprel 2024, 18:12 Oʻzbekiston

Давлат идоралари ўз автопаркини электромобиллар билан янгиламоқда

Бир қатор ҳокимликлар етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни қўлловчи «Меҳр дафтари» фонди маблағларини янги машиналар сотиб олишга йўналтирмоқда.

Давлат идоралари ўз автопаркини электромобиллар билан янгиламоқда

Ўзбекистон давлат органлари автопаркни янгилаб, электр ва гибрид автомобилларга ўтишни бошлади.

Электр ва гибрид транспорт воситаларини харид қилишда вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар ва давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналарни қўллаб-қувватлаш президентнинг 2022 йил 19 декабрдаги (ПҚ-443) қарори билан белгиланди. Белгиланган вазифаларга мувофиқ, 2023−2025 йилларда умумий қиймати 1 триллион 320 миллион сўмлик 3863 дона гибрид ва электромобиль харид қилиш режалаштирилган. Автотранспорт паркини янгилаш билан «яшил» технологияларни кенг жорий этиш ва атмосферага зарарли газлар чиқаришни камайтириш мақсад қилинган.

Гибрид ва электромобилларни харид қилиш учун бюджетдан ташқари жамғарма маблағларидан фойдаланишга рухсат этилади. Харид қилиш транспорт воситаларининг максимал нархига қўйилган чекловларга, шунингдек, уларни янгиларига алмаштириш муддатига қўйиладиган талабларга мувофиқ амалга оширилиши керак.

«Газета.uz» давлат харидлари порталини ўрганиб чиқиб, бир қатор ҳокимликлар етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган «Меҳр дафтари» жамғармаси маблағларини янги автомашиналар сотиб олишга сарфлаётганини аниқлади.

«Меҳр дафтари» жамғармалари 2021 йилда мамлакатда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг янги тизимини жорий эта бошлаган ва меҳрибонлик уйлари Миллий гвардияга бириктирилган пайтда вилоят ҳокимиятлари ҳузурида ташкил этилган. Бу фонд ҳомийлик хайриялари ва алкоголли маҳсулотларнинг (пиво ва табиий винодан ташқари) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг соф фойдасидан 3 фоиз ажратмалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Жамғарма маблағлари етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг муаммоларини ҳал этиш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳаётга тайёрлаш, ўқишини ташкил этиш, касб-ҳунарга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, коммунал тўловлар бўйича қарзларини қоплаш ва бошқа мақсадларга йўналтирилади.

Айнан «Меҳр дафтари» жамғармалари (юридик шахс ташкил этмасдан тузилган, васийлик кенгашларига ҳокимлар раҳбарлик қилади) ҳокимликларнинг бир қатор давлат харидларида янги автомобиллар харидорлари сифатида кўрсатилган.

Mashhur yangiliklar