Ҳар бир ҳудудда уй-жойларни реновация қилиш лойиҳаси амалга оширилади
Мисол тариқасида Тошкентнинг Оқтепа массивидаги лойиҳа келтирилган. Реновация тўғрисидаги қонунни июнь охиригача ишлаб чиқиш белгиланди.
Ўзбекистондаги ҳар бир ҳудудда тажриба-синов тариқасида биттадан реновация лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 30 апрелдаги қарорида кўзда тутилган.
Мисол тариқасида реновация лойиҳаси бошланган Шайхонтоҳур туманидаги Олим Хўжаев маҳалласини (Оқтепа массиви) келтириш мумкин. Хабар қилинишича, хитойлик инвесторлар 1960 йилларда қурилган 568 та хонадонли икки қаватли уйлар ўрнида 3200 та хонадонли кўп қаватли уйлар қурмоқчи.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ободонлаштириш лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудларни танлаб олиши ва манзилли дастурни тасдиқлаши белгиланган.
Мазкур лойиҳани ҳар бир ҳудудда амалга ошириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини 2024 йил июнь ойи охиригача ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.
Июнь ойининг охиригача масъул вазирлик ва идоралар эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган кўп қаватли уй-жойларни реновация қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида илғор хорижий тажрибани ўрганиб, «Реновация тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши керак.
Февраль ойининг охирида пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов Тошкентда 500 гектардан ортиқ майдондаги уй-жойлар реновация дастурига киритилганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, гап «талабга жавоб бермайдиган, кўп йиллар олдин қурилган икки қаватли бинолар ва вақтинча қурилиб кетган уйлар» ҳақида кетмоқда.
Мавзуга оид хабарлар:
Тошкентда чинор дарахти шохларини кесган фуқаро 18 млн сўм жарима тўлайдиган бўлди