15 Iyun 2024, 11:21 Ўзбекистон

АҚШ ИШИД билан алоқадор уч нафар Ўзбекистон фуқаросига санкциялар киритди

АҚШ Давлат департаменти ИШИДнинг контрабанда тармоғига алоқадорликда гумон қилинган уч нафар Ўзбекистон фуқаросига қарши санкциялар эълон қилди.

АҚШ ИШИД билан алоқадор уч нафар Ўзбекистон фуқаросига санкциялар киритди

АҚШ Туркия ҳукумати билан келишган ҳолда «Ислом давлати» террорчилик гуруҳи (ИШИД) фаолиятига алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилди, деб хабар бермоқда Давлат департаменти.

ИШИДга алоқадор контрабанда тармоғининг уч нафар аъзосига санкция қўлланди. Булар:

  • Муҳаммадюсуф Алишер ўғли Мирзоев — Ўзбекистон фуқароси, 2023 йил ўрталарида ИШИДга алоқадор «ҳарбий» ўқув лагерини ташкил этиш ҳаракатларида қатнашган, дейилади баёнотда. Туркия ҳукумати ҳам Мирзоевга қарши санкциялар киритди;
  • Муҳаммад Иброҳимжон Ниязов — Ўзбекистон фуқароси ва ИШИДга алоқадор контрабанда тармоғи тарафдори. АҚШга кўра, Ниязов Туркиядаги ИШИД аъзоларига маъмурий ва логистик ёрдам берган. Туркия ҳукумати ҳам Ниязовга қарши санкциялар киритди;
  • Олимхон Махмуджон ўғли Исмаилов — Ўзбекистонда яшайди ва ИШИДга алоқадор контрабанда тармоғига аъзо, дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, Давлат департаменти «Адам Исламович Олиферчик» номи билан танилган Адам Хамирзаевни ИШИД етакчиси сифатида Глобал террорчилар махсус рўйхатига (SDGT) киритди. Унга қарши ҳам санкциялар жорий қилинди.

Баёнотда айтилишича, ушбу шахсларнинг Қўшма Штатлардаги мулки ёки АҚШ фуқароси эгалиги ёки назорати остида бўлган барча мулк ва активлари блокланади. Туркия ҳукумати Хамирзаев ва ушбу тармоқ аъзоларига қарши «ички чоралар» кўрмоқда, деди Давлат департаменти.

Машҳур янгиликлар