«У қиз сендан анча катта, сен эса ёш боласан, дейишган»
Муниса Ризаева биринчи марта турмуш ўртоғи билан қандай танишгани ва уни севмасдан оила қургани ҳақида гапирди.
Хонанда Муниса Ризаева «Даракчи» сайтига берган интервьюсида турмуш ўртоғи Арсений Мороз билан қандай танишгани ҳамда нима учун уни севмасдан турмушга чиқишга рози бўлгани ҳақида сўзлаб берди.
Мен бир тадбирда қўшиқ куйлаганман. Турмуш ўртоғим Ўзбекистонга бир кунга, ўша туғилган кунга келган бўлган. Ўша тадбирда мен «Жонгинам» қўшиғини ижро этганман. Турмуш ўртоғим мени кўриб, қўшиғимни эшитиб, «Шу қизга уйланаман», деган ўртоқларига. Ўртоқлари «Бу қиз сендан анча катта, сен эса ёш боласан. Кейин у ислом динига эътиқод қилади, сенинг дининг бошқа, у сени писанд қилмаса керак», деган. У эса «Керак бўлса, ислом динини қабул қиламан. Мен уни кўриб юрагим жиз этди», деган.
Мен ўшанда 10 дақиқа қўшиқ куйлаб кетганман. Улар мени роса излаганлар. Инстаграмъдан роса ёзганлар диреcтъдан. Аллоҳни ишини қарангки, умуман аслида диреcт ўқимайман. Лекин уларнинг ёзганларига тасодифан кўзим тушган. Ўша тадбирдаги чиқишимни бошидан охиригача видеога олиб менга жўнатган эканлар. Улар уч ой мобайнида мени орқамдан юрганлар. Уч ой уйимга гуллар ва совғалар жўнатганлар.
Битта менга эмас, ойим ва синглимга ҳам совғалар жўнатардилар. Мен эса розилик билдиргим келмасди. Чунки ўшанда менда севгига умуман ишонч қолмаган эди. «Ҳеч қачон ҳеч кимни севмайман» деб юрган пайтимда улар менинг ҳаётимда пайдо бўлиб қолганлар. Аллоҳга таваккал қилиб, шу инсонга севмасдан турмушга чиққанман. Турмуш ўртоғим «Менинг севгим иккимизга ҳам етади. Ҳали шундай сени бахтли қиламанки, севги борлигига ишонч ҳосил қиласан» деганлар. Севмай оила қурдим. Лекин бугунги кунда уларни яхши кўраман ва ҳурмат қиламан.
Хонанда турмуш ўртоғининг нима иш қилиши ҳақида ҳам гапириб ўтди.
Турмуш ўртоғим молиячи. Уларнинг бир нечта бизнеслари бор. Хусусан, биткоин ва трейдерлик билан шуғулланадилар. Дунёнинг турли давлатларидаги компаниялар билан ҳамкорлик қиладилар. Улар айтади: «Сен кўп нарсани билишинг керак эмас. Қанча пул керак бўлса сўра, бераман. Лекин шуни билгинки, ҳеч қачон одам ўлдирмайман. Пулни ҳалол ва тўғри йўл билан топаман», дейдилар. Яқинда пул бердилар менга.
«Бор ўзингга нимадир қил, ишлат» дедилар. Косметологга бордим, лекин шунда ҳам пул ортиб қолди. Кейин у пулни нима қилсам экан, деб ўйлаб қолдим ва ҳаммасини хайрия қилиб юбордим. Турмуш ўртоғим видеоларда кўпинча телефон титкилаб кўриниш бергани учун мухлисларим мендан унинг қандай ўйин ўйнашини сўрайди. Шу саволга ҳам жавоб бериб ўтаман: Эрим эрталаб соат 10:00 дан тунги соат 2:00 гача интернетда онлайн ишлайди. Улар мен учун Тошкентга кўчиб, ҳамма ишларини онлайнга ўтказган. Улар ҳеч қанақа ўйин ўйнамайди.
Муниса айни пайтда концертга тайёргарлик кўраётгани, бироқ концерт кунларини ҳали белгиламаганини айтиб ўтди.
Ҳозирги кунда концертга тайёргарлик кўряпмиз. Октябрларга мўлжаллаяпмиз. Лекин ҳозирги кунда мен учун энг муҳими — ҳомиладор бўлиш. Агар ҳомиладор бўлиб қолсам, концерт бўлмаслиги ҳам мумкин. Албатта аввало Аллоҳ, лекин биз сабабини қилишимиз керак. Ҳозирда эр-хотин текширувларга бориб, муолажалар олиб, фарзандли бўлишга тайёргарлик кўряпмиз. Хонанда собиқ дугонаси Райҳон билан муносабатларига ҳам ойдинлик киритди. Биз анча йиллар олдин Райҳон билан дўстлигимизни тугатганмиз. Мен бу нарсага умуман изоҳ бермоқчи эмасман. Мени ўз йўлим, Райҳоннинг ўз йўли бор. Райҳон менга нима қилганини ўзи яхши билади. Мен ҳам буни ўзим учун биламан, дейди у.