Ражаб Адашев «Абдуллажон»да кастингдан ўта олмаса ҳам қандай қилиб бош ролда ўйнаганини айтди
Актёр Бозорбой образида роль ижро этган.
Ўзбекистон халқ артисти Ражаб Адашев «Абдуллажон»да кастингдан ўта олмаса ҳам қандай қилиб бош ролда ўйнаганини айтиб берди.
Актёрнинг сўзларига кўра, фильмга кастинг 1991 йил кузда бўлган. Ушбу кастингда у ўта олмаган. Бозорбой роли Ўзбекистон халқ артисти, марҳум Обид Юнусов учун ёзилган. Лекин фильмда бу ролни Ражаб Адашев ижро этган. Актёр бунинг сабабини тушинтирди.
«’Абдуллажон’ фильми ижодий гуруҳини ‘Ўзбекфилм’дан ўзим кузатиб қўйганман. Ичимда фильмга тасдиқланмаганим учун ҳеч қандай ачиниш ёки тарвузи қўлтиғидан тушгандек ҳолат бўлмаган, лекин кетишди-я, кетишди, деган хаёл ҳам ўтган. Ижодий гуруҳ 1991 йилнинг 17 сентябрида суратга олиш майдонига кетишган бўлса, эртаси куни соат 5 ларда Бозорбой Абдуллажон билан қариндошлар жам бўлган уйга кириб келган саҳнанинг тасвирга олиш ишлари билан бошланар эди.
Тўйтепада икки қаватли меҳмонхонада туришган, жамоа тахминан соат 12-13 ларда тушлик қилган, меҳмонхона пастидаги ошхонасига тушишган. Обид ака ҳам тушган, ўзлари ўтирганларми, шериклари биланми, хуллас нарироқда ўтирган икки наманганлик Ие, Ўткурийку деб таниб қолишади ва келиб саломлашиб, ёнига ўтиришади. Ёнидан шишани чиқариб, Обид ака, Наманганга борганда одамларга нима дейман? Шу одам билан кўришдим, анақа бўлмади дейманми? деб, бошлашган. 3 киши битта шишани ёки иккитани бўшатишган.
Соат икки ёки учда ётишган. Тўрт яримда уйғотиш бошланган, Гриша деган ёрдамчи бор эди, Обид ака, на сёмки деб чақирганида, Обид ака ширакайф ҳолда чиқиб келган ва Мен тайёрман деб турган жойида режиссор ҳам кўриб қолади. Ўшанда Обид ака мардлик қилиб, шартта кийим-кечакларини йиғиштириб Тошкентга жўнаб кетган. Шу билан кейин ижодий гуруҳ мени қидиришни бошлашган.
Ўша оқшомни ўзида менга Фарҳод исмли фильм директори телефон қилиб, келиб олиб кетди. Борганимда, айни мен бола билан кириб келадиган саҳнада, аёлим, болаларимни олаётган экан. Кейин мен ҳам ўша ердан киришиб кетганман.
Тез мослашиб кетишимга режиссор Зулфиқор Мусоқовнинг хизмати катта. У ҳаммага Обид ака ўйнамайдиган бўлди, Ражаб Адашев ўйнайди, у ҳозир келади деб тайинлаб чиққан экан. Келганимда ҳеч ким Ие, Обид Юнусов ўйнаши керак эдику деб ҳайрон бўлмади. Ҳатто ўзимда ҳам шунга ўхшаш фикр кейинчалик пайдо бўлганди. Фильм олиниб бўлингач, жуда кўп вақтдан сўнг, раҳматли Тўти Юсупова оламдан ўтганидан кейин турли хаёллар келди: Шулар нимани ўйлаган экан? Обид Юнусов билан роль ўйнашни кутаётган одамлар бирдан мени кўриб ғалати бўлмаганмикин?
Лекин профессионал актёрлар ҳеч нарсани билдирмасдан туриб, мен билан чинакамига, дилдан ўйнашни бошлашган. Чунки уста актёр уста актёрда!
Мен бу нарсага эътибор бермаганман, сабаби ҳолатни табиий қабул қилганман.
Режиссор менга айтганки, Ражаб ака, бу менинг учинчи картинам. Иложи борича самимий ўйнанг. Ҳеч қанақа сиёсий газеталар ўқиманг, телевизор ҳам кўрманг. Бу шунақа фақат ўзининг оиласини, мол-ҳолини, ерини ўйлайдиган Бозорбой ака, у шунақа одам деб тушунтирган. Мен ўшанда нозик жойини топганман, Зулфиқор Мусоқов ҳам ҳар бир эпизодда маъқуллаб турган.
Уста актёрлар билан ишлаш ҳар бир актёрга ҳузур бағишлайди. Уста бўлмаган актёрлар билан ўйнасангиз, уларнинг кўзлари жовдираб туради. Тўғри ўйнаяпманми ёки нотўғрими?, Ие бу киши ўйнаяптими, анави ўйнаши керак эдию деган саволлар миясида туради. Шу саволларга жавоб қидириб, мияси ўша билан банд бўлиб қолади. Роль ҳақида ўйламай қолади», дейди актёр.