30 Mart 2023, 18:34 Layfstayl

Муяссар Раззоқова 6 йилдан бери «запрет»да эканини айтди

«Сўнгги беш йилда Ўзбекистон давлат консерваториясида ҳам жуда оғир кунларни бошимдан ўтказдим», — дейди у

Муяссар Раззоқова 6 йилдан бери «запрет»да эканини айтди

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муяссар Раззоқова 6 йилдан бери «запрет»да эканини айтди.

Муяссар Раззоқованинг сўзларига кўра, 2017 йилдан бери ижодига ёмон муносабат қилинмоқда. уни спектаклларга чиқишига рухсат берилмаяпти. Театр директоридан бунинг сабабини сўраганида ҳар доим «тепадан» деган жавобни олган. У шундан сўнг бир неча маротаба ишдан кетмоқчи ҳам бўлган.

«Ҳаётимдан нолимайман, турмуш ўртоғим ва фарзандларим ҳамиша мени қўллаб-қувватлайди. Аммо 2017 йилдан бери ижодимга бўлаётган муносабат мени ташвишлантиряпти. Муҳтарам президентимиз инсон қадрини улуғлаётган бир пайтда маданият соҳасидаги баъзи инсонлар менга нисбатан аксини қўллашяпти. Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида ишлайман. Аммо кейинги пайтларда мени умуман спектаклларда иштирок этишимни исташмаяпти. Саҳнага чиқолмайдиган даражада кекса ёки овозсиз эмасман. Бундай ҳолатдаги ижодкорга роль бермаслик жиноят билан баробар. Театримизга Рамиз Усмонов директор бўлиб келганидан кейин менга роль бермай, ишдан бўшатиш ҳақидаги гап-сўзлар пайдо бўлди. Ёнига кириб, бунинг сабабини сўрасам, фақат тепадан, деган жавобни оламан. Сўнгги беш йилда Ўзбекистон давлат консерваториясида ҳам жуда оғир кунларни бошимдан ўтказдим. Ректор Камолиддин Ўринбоев ҳам ўз ихтиёри билан ишни ташлаб кетсин, дегандек муносабатда бўлди. Менга кун беришмаяпти, деб ариза ёзиб, ишдан кетмоқчи ҳам бўлдим. Чунки ҳар куни ишга борсам, арзимас баҳоналар билан асабимга тегаверишди. Фақатгина ўқувчиларим сабаб ишни ташлаб кетолмаяпман», — дейди Муяссар Раззоқова.

Mashhur yangiliklar