Малик Юлдуз Усмонова билан қандай танишгани ҳақида гапириб берди
Хонанда унга «Севги» номли қўшиқ ёзиб берган.
Юлдуз Усмонова билан куйлаган дуэтлари билан машҳурликка эришган Малик Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова билан қандай танишгани ва унга ёзиб берган илк қўшиғи ҳақида ҳам сўзлаб берди.
Хонанданинг сўзларига кўра, Юлдуз Усмонова билан танишишига Искандар исмли ижодкор билан танишиб қолган. У Юлдуз Усмонова учун ҳам қўшиқ ёзиб беришини таклиф қилган. Кейин Малик «Севги» номли қўшиғини ёзиб, унга юборган. Юлдуз Усмонова бу қўшиқни якка ҳолда, «Ёр биё»ни эса дуэт тарзда ижро этишни айтган.
«Ҳамдам Собиров билан бир неча йиллик қадрдонмиз. У билан Москвага концерт бергани борганимизда Искандар исмли ака билан танишиб қолганмиз. Суҳбат пайтида бастакор эканлигим ва кўплаб хонандалар билан ҳамкорлик қилишим ҳақида айтиб қолганман. У Юлдуз Усмонованинг турмуш ўртоғи Мансур Агалиев билан яқин экан. Опага ҳам яхши қўшиқ ёзинг, тавсия қилиб курамиз, деди. Юлдуз Усмоновага қўшиқ ёзаман деган ўй ҳаёлимдан кетмади.
Шоир Абдусаид Саломий билан бирга Севги деган қўшиқни ёздик. Кечки соат бирда уни Искандар акага юбордик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай телефоним жиринглади ва Отабек деган йигит билан боғланишимни айтди. Юлдуз Усмонова маъмури Отабек ака билан гаплашганимда уйга келишимни ва опа мен билан суҳбатлашмоқчи эканлигини айтди. Отабек ака дарвоза ёнида кутиб олиб, жуда омадли эканлигимни айтди. Ҳаяжоним икки ҳисса ошиб ичкарига кирсам, Юлдуз Усмонова жамоаси билан концертга тайёргарлик кўраётган экан.
Севги қўшиғимни эшитиб, Яна қандай қўшиқларинг бор, деди. Ёр биёни эшиттирсам Ҳеч қаердан ўғирламагансан-а? деди. Севгини якка ҳолда, Ёр биёни эса дуэт тарзида айтишни эшитганда, ҳаяжоним икки ҳисса ошди. Чунки қишлоқда қўлларим қовариб, жўхори пояси қўлимни кесиб юборган пайтида примадонна билан дуэт куйлаш ҳаёлимга ҳам келмаганди», — дейди хонанда Малик.