Ҳалима Ибрагимова Фарҳод Маннопов вафот этган хусусий клиникани нима сабабдан реклама қилгани ҳақида гапирди (видео)
«Ҳар хил гап-сўзлар, танқидий видеолар чиқаришди. Лекин юзимга келиб гапира олмади. Менинг муносабат билдиришимни кутишди, лекин мен унақа майдалашиб ўтирмайман», — дейди санъаткор.
Комик актриса Ҳалима Ибрагимова «Chotki TV» YouTube каналига берган интервьюсида блогер Фарҳод Маннопов вафот этган клиникани реклама қилишга нима сабабдан рози бўлгани ҳақида сўзлаб берди.
«Бу мавзу ижтимоий тармоқларда жуда кўп айланган. Бу нарса Худонинг иши. Инсон йўлда бўладими, чўлдами, самолётдами, машинадами, клиникадами, бир кун ҳамма ўлади. Агар кимнидир сақлаб қолиш инсоннинг қўлидан келганида, дунёда ўлим бўлмасди. Биринчи президентимиз шунча имкониятлари бўла туриб, вафот этмадиларми? Бутун дунё бизга таъзия билдирмадими? Ўзимнинг ота-онам ҳам касалхонада вафот этган. Мен Ҳалима бўлиб ҳеч нарса қила олмадимку? Мениям юпатишди. Аллоҳнинг иродаси, сабрли бўл, дейишди.
Фарҳод жуда яхши инсон эди, укамдек бўлган. Уйимда вайнлар суратга олган. Ўша рекламани олишдан аввал мен Улуғбекнинг олдидан ўтганман. Фарҳод раҳматли ҳам ўша клиникага реклама қилингани учун борди. Ўлимидан аввал саҳифасига шифокор билан суҳбатлашиб ўтиргани акс этган видеони ҳам жойлади. У биргина шифокорнинг айби билан оламдан ўтган бўлса, қолган шифокор, ҳамшира, лаборантлар, қоровулларда нима айб? Қайси шифохонада ўлим бўлмаяпти? Ҳеч қайси шифокор касални уйингизга олиб кетинг, нима исёнингиз ва эътирозингиз бўлса, уйингизда қилинг, демайди. Охиригача, қўлидан келганича касалнинг ҳаёти учун курашади.
Мен клиника фаолиятини давом эттиряпти, деб реклама қилдим. Реклама гаплашишдан аввал мен LOR бўлимини реклама қилмайман, деб келишдик. Шундан кейин Улуғбек ва унинг жамоаси мендан хафа бўлди. Ҳар хил гап-сўзлар, танқидий видеолар чиқаришди. Лекин юзимга келиб гапира олмади. Менинг муносабат билдиришимни кутишди, лекин мен унақа майдалашиб ўтирмайман. Ўлим ҳақ, яқин инсонидан ажралганида, мени тушунади», — дейди Ҳалима Ибрагимова.
«Лекин улар врачни пулга гаплашмаганди. Реклама қилиб, операцияни текинга қилдирмоқчи эди. Мен масалан, оёғимдан икки марта операция бўлдим. Реклама қилмадим ҳеч кимни. Чунки операция пулини тўлагандим», — дея сўзларини давом эттиради актриса.
Маълумот учун, «Митти вайн» тахаллуси билан ижод қилган вайнер Фарҳод Маннопов 2023 йилнинг 5 март санасида пойтахтдаги хусусий клиникалардан бирида бурнини операция қилдираётганида вафот этган.