Актриса Ситора Фармонова ҳаётига таҳдид қилаётган мухлиси ҳақида гапирди (видео)
«Ўлдириб, уйинг эшигига осиб кетаман, кафанликни тайёрлаб қўяверинглар, деди», — деб айтади актриса видеомурожаатда.
Актриса Ситора Фармонова Instagram тармоғи орқали унга ва яқинларига таҳдид қилаётган мухлиси ҳақида маълумот берди.
Менга таҳдид қилаётган «мавжудот»нинг расмини тармоққа жойласам, баъзи инсонлар менга нисбатан негатив фикр билдирди. У одам менга совчи қўйиб, уйланаман, деб мақсад қилмаган.
Бу одам Инстаграм профилимга жойланган укамнинг телефон рақамини олиб, қўнғироқ қилган. «Менга уйланишга қиз керак», деган. Укам ҳайрон бўлиб «Узр, сизга бу масалада ёрдам беролмаймиз», деган. «Сен бойлар, биз камбағалларни менсимаяпсанларми?» деган. Укам унга «Мен сизни танимайман, сиз ҳам кимлигимни билмайсиз? Қўнғироқ қилиб, бундай гапларни гапирманг. Балки адашиб бошқа рақамга тушгандирсиз», деб тўғри тушунтиришга ҳаракат қилган. Шу гапдан кейин «Сен Ситорани маъмуримисан? Нега сенлар бой яшашинг керак?
Бизлар қийналиб, камбағал бўлиб яшашимиз керак?» деб укамга жанжал қилишни бошлаган. Биринчидан ҳар бир инсоннинг ризқини Аллоҳ беради. Иккинчидан бу инсоннинг ёзган гапларини ўқисангиз, тепа сочингиз тикка бўлади. У мени қарғаб «Илоҳим икки дунё хор бўлгин, розимасман. Санлар бойсан, биз камбағалмиз», деб куракда турмайдиган сўзларни ёзган. Мен ҳеч қачон одам ажратмаганман, шу кунгача бирорта инсонга зарар етказишга ҳаракат қилмаганман. Қанақасига одам танимаган, билмаган инсонини шунчалик қарғаши мумкин?
Укамга яна қўнғироқ қилиб ҳақорат қилган. Ўша вақт укам онам билан бирга машинада бўлган ва у одамнинг гапларини онам ҳам эшитган. «Агар сен опангни камбағал инсонга турмушга бермайман, деб мақсад қилган бўлсанг, опангни ўлдириб, эшигинг тагига осиб кетаман. Ота-онангга айт, кафанлик тайёрлаб қўйсин», деган. Бу гапларни эшитгандан кейин онамнинг юраги ёмон бўлиб, уйга тез ёрдам чақиришимизга тўғри келди. Далилларни тегишли идораларга тақдим этганимиздан кейин таҳдид қилаётган одам 15 суткага озодликдан маҳрум этилди. Аммо тавбасига таянмай, озодликка чиққан куни яна қўнғироқ қилиб, яна таҳдид қилишни бошлади. Кейин онаси укамга қўнғироқ қилиб «Ўғлим учун сизлардан кечирим сўрайман. У ичиб олса ҳатто мени танимай уриб кетади», деди.
Укам яна вазминлик билан «Ўғлингиз касал бўлса нега даволатмайсиз? Бизни танимай, билмай туриб нега бунчалик таҳдид қиляпти?» деса “Тошкентда ўғлимнинг гиёҳванд ўртоғи бор. Ўша ўғлимга Россияда ишлаб ъдепортʼ бўлиб Ўзбекистонга қайтиб келдинг. Бу ерда ишлаб пул тополмайсан. Сен яхшиси бой қизни топгинда, унга уйлангин, дебди. Ўғлим менга Ситорага уйлансам, унинг ҳамма нарсаси бор, бой қиз. Сиз қишлоқда қийналиб яшамайсиз, мен у қизни уриб, олиб қочиб бўлса ҳам унга уйланаман. Сиз озгина сабр қилинг, унинг уйига кўчиб ўтамиз. Унинг хизматкорлари бор, бой яшаймиз. Унга ўртоғи «Сен у қизга уйлана оласан, арзийсан, жанжал қилиб бўлса ҳам унга эришишинг керак», деб ўргатди дебди. Бу гапларни эшитгандан кейин шокка тушдим. Баъзи инсонлар яхши кўриб, кўнгил қўйиши мумкин, бу ҳолатни тушунаман. Аммо бу одамнинг мақсади муҳаббат эмас, фақат бойлик орттириш бўляпти.
Тегишли органларга мурожаат қилганимиздан кейин, дадам у одамга «Мақсадинг нима?» деб савол берганида менга ҳам туҳмат қилибди. «Қизингиз билан бир йилдан бери Инстаграмда гаплашамиз, у менга ўрганиб қолган. У сизга айтолмаяпти, сиз эса бизни тушунишга ҳаракат қилмаяпсиз», дебди. Мен яна шокка тушдим. Яхшиямки, ёзган гаплари сақланиб қолганди, уларни орган ходимларига кўрсатдим.
Аввалига у мени ўлдирмоқчи эди. Энди бутун оилам, ота-онам ва укамга ҳам таҳдид қиляпти. Яхши ҳамки, Ўзбекистонда яшаймиз. Шаҳар бедарвоза эмас, унга нисбатан тегишли чоралар кўрилади, — дейди актриса Ситора Фармонова.