Актёр ва блогерлар президент томонидан мукофотланди
Шавкат Мирзиёев «Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни «Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
28 июнь куни Кўксаройда мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаол ёшларга «Келажак бунёдкори» медали ҳамда «Мард ўғлон» давлат мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.
«Бугунги ютуқларингиз — узоқ йўлнинг бошланиши. Давлат шароит яратиши, кимдур ёрдам бериши мумкин. Лекин келажагингиз фақат ўз қўлингизда. Бу йўлда барча ёшларимизни қўллаб-қувватлаб, орзу-интилишларида муваффақиятлар тилайман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Мукофотланганлар юксак ишонч ва эътибор, ёшларга яратилаётган имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди, ўқиш ва ишларида янада катта натижаларга эришиб, халқимиз ишончини оқлашини таъкидлади. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, зиёлилар, ота-оналар иштирок этди.