«Activist» лойиҳаси тугатилди, муаллиф сабабларини кейинроқ маълум қилишини айтди
Дўконлардаги маҳсулотлар муддати ва сифати ҳақида маълумот берувчи «Activist» лойиҳаси бутунлай ўз фаолиятини якунлади. Лойиҳа муаллифи Ҳожиакбар Носиров унинг сабабларини батафсил интервьюларда тушунтиришини айтиб, 6 хил кўринишдаги янги лойиҳалар бошлаётганини маълум қилди.
Катта ва кичик дўконларда сайёр «рейд»лар ўтказиб, маҳсулотлар муддати ва сифати ҳақида маълумот берадиган «Activist» лойиҳаси тугатилгани эълон қилинди. Бу ҳақда муаллиф Ҳожиакбар Носиров лойиҳанинг YouTubeʼдаги саҳифасига жойланган видеомурожаатда маълум қилди.
Унинг айтишича, ҳозирча тугатилиш сабабларига тўхталиб ўтилмайди, кейинроқ Носиров иштирокидаги интервьюларда бу ҳақда сўз юритилиши кутилмоқда.
«Гувоҳи бўлганингиздек, жуда ҳам кўп туҳмат ва босимларга учрашимга тўғри келди. Ҳаттоки, оилам билан бўлган таҳдидларга қарамасдан бу йўлда давом этдим. Чунки сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз ва ўз мақсадимга эришмагунча бўлган мотивация жудаям кучли далда берарди.
Эндичи? Энди нима ўзгарди деган саволга жавобим: Ўзбекистондаги барча катта супермаркетлар ва улардан ташқари жудаям кўп кичкина маркетлардаги катта ўзгаришлар сабабчиси бўлдик. Ҳозир ҳар қандай дўконга кирган ва бизни кузатган инсон сотиб олаётган нарсасига битта назар ташлашни бошлади. Ва бу бизнинг энг катта ютуғимиз деб бемалол айтиш мумкин», — дейди у.
Ҳожиакбар Носировнинг қўшимча қилишича, келгусида «Activist»нинг ўрнига 6 хил кўринишдаги янги лойиҳалар ишга туширилиши режа қилинган.
«[Бу] лойиҳам эски лойиҳамга қараганда инсонларга юз баравар кўпроқ фойда беришига ишонаман ва унга эришиш учун эски лойиҳадан тўлиқ воз кечишни тўғри деб ҳисобладим. 2 йиллик фаолиятим давомида кимдирнинг кўнглига билиб-билмай озор бериб қўйган бўлсам, чин дилдан узр сўрайман», — дея якунлайди у ўз сўзини.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрель ойида лойиҳа муаллифи Ҳожиакбар Носиров ўз видеоларидан бирида бир қатор брендларнинг йогурт маҳсулотлари таркибида кармин моддаси борлиги учун уларни истеъмол қилмаслик керак дейиши ортидан «диний адоват қўзғатувчи материал» тарқатишда айбланиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.
Мавзуга оид хабарлар:
«Activist» лойиҳаси муаллифи ЙТҲга учради