16 Noyabr 2023, 10:16 Жаҳон

Xiaomi биринчи электромобилини намойиш этди

Панорама ойнали томга эга, беш ўриндиқли ушбу моделнинг яна бир неча версиялари бўлади.

Xiaomi биринчи электромобилини намойиш этди

Xiaomi ўзининг биринчи электромобили Beijing Xiaomi SU7 моделини намойиш қилди, деб хабар бермоқда Bloomberg.

Электромобиль Beijing Automotive Industry Holding (BAIC) заводида ишлаб чиқарилади. Седан суратлари Хитой саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги томонидан эълон қилинди.

Седан яна бир неча версияларда чиқарилади, улар қуввати, электр моторлари сони ва аккумулятори билан фарқланади. Автомобиль оғирлиги 2205 кг, максимал тезлиги эса 265 км/соат. Янги Xiaomi маҳсулоти учун аккумулятор блоки BYD (асосий версиялар учун) ва CATL (юқори версиялар учун) томонидан етказиб берилади.

«Xiaomi бренди остидаги электромобиль компаниянинг ўз мижозлари учун кенг қамровли экотизим яратиш режасининг муҳим қисмидир. Компания смартфонлар ва бошқа маиший техникалар учун операцион тизимни аллақачон янгилади, у келажакда электромобилларни ҳам ўз ичига олади. Шунда фойдаланувчилар Xiaomi маҳсулотларининг барча турларини ягона платформада бошқаришлари мумкин бўлади», — дея қайд этди Bloomberg.

Машина нархлари, шунингдек, чиқарилиш санаси ҳозирча очиқланмаган, дея аниқлик киритади нашр. Xiaomi аввалроқ электромобили 2024 йилнинг биринчи ярмида расман чиқарилишини билдирган.

Машҳур янгиликлар