8 Noyabr 2023, 01:39 Жаҳон

Россияда меҳнат мигрантларининг патенти билан боғлиқ янгилик жорий этилди

2024 йилдан бошлаб меҳнат мигрантлари патент олгани тўғрисида ИВВ ҳудудий органини хабардор қилиши шарт.

Россияда меҳнат мигрантларининг патенти билан боғлиқ янгилик жорий этилди

Россияда патент олган хориж давлати фуқаролари 2024 йил 7 январдан бошлаб давлат хизматлари портали орқали ўз меҳнат фаолияти тўғрисида полицияга хабар бериши мумкин бўлади. Бу ҳақда Россия ИИВ матбуот хизматига таяниб Interfax маълум қилди.

«Қонунчиликдаги ўзгаришларга кўра, 2024 йил 7 январдан чет эл фуқаролари патент берилган кундан бошлаб 2 ой ичида Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органини меҳнат фаолиятини амалга ошириш тўғрисида хабардор қилиши шарт. Бундай билдиришнома нафақат қоғозда (тўғридан-тўғри ёки почта орқали жўнатиш), балки Ягона давлат ва коммунал хизматлар порталидан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат кўринишида ҳам тақдим этилиши мумкин», дейилади хабарда.

Ички ишлар вазирлигининг тушунтиришича, давлат хизматлари орқали ариза топширишда чет элликлар милиция бўлимига шахсан мурожаат қилиши шарт эмас. Ушбу мажбурият бажарилмаган тақдирда, чет эл фуқаросига берилган патент бекор қилинади, деб эслатди вазирлик.

Машҳур янгиликлар