7 Fevral 2024, 22:33 Жаҳон

Россия Украина бўйлаб яна кенг кўламли ракета зарбаларини йўллади

Киевда ҳужум туфайли 18 қаватли турар жой биноси ёниб кетди, камида уч киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Россия Украина бўйлаб яна кенг кўламли ракета зарбаларини йўллади

Украина ҳукумати хабарига кўра, Россия армияси 7 февраль куни эрталаб Украинага яна йирик ҳужумлар уюштирди. Киев шаҳри, Николаев, Киев, Харьков, Днепропетровск ва Львов вилоятларида портлашлар содир бўлди.

Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучларининг аниқлик киритишича, Россия қўшинлари Украина бўйлаб ҳужумларда жами 64 та ракета ва дрон, жумладан, қанотли, баллистик ва зенит ракеталардан фойдаланди. Украина ҳаво мудофааси улардан 44 тасини — 29 та ракета ва 15 та дронни йўқ қилди.

Киевда 18 қаватли турар жой биноси ракета ҳужуми сабабли ёниб кетди. Сўнгги маълумотларга кўра, шаҳарда 21 киши жароҳатланган, камида 3 киши ҳалок бўлган. Украина Ички ишлар вазирлиги вайроналар остида одамлар бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Киевга ҳужум пайтида Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Украина пойтахтига ташриф буюрганди. У тонгни бомбапаноҳда ўтказганини билдириб, ўз суратини эълон қилди. «Бу Россия ўз ноқонуний агрессиясини бошлаганидан бери жасур Украина халқининг кундалик ҳақиқатидир», — деб ёзди Боррель Х тармоғида.

Машҳур янгиликлар