23 Mart 2024, 09:53 Жаҳон

Москвадаги концерт залида юз берган теракт қурбонлари сони 60 нафардан ошди

Бинода портлаш содир бўлган ва ёнғин бошланган. Reuters агентлигига кўра, теракт учун ИШИД масъулиятни ўз зиммасига олган.

Москвадаги концерт залида юз берган теракт қурбонлари сони 60 нафардан ошди

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз сайтида Москва вилоятидаги Crocus City Hall концерт залида юз берган теракт оқибатида жабрланган 99 кишининг рўйхатини эълон қилди.

Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, концерт залига ҳужум оқибатида 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко 115 киши, жумладан, беш нафар бола шифохонага ётқизилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бир бола ва 60 нафар катта ёшдаги фуқаро — оғир аҳволда.

Москва вилояти Соғлиқни сақлаш идораси жароҳат олганлар рўйхатини эълон қилди: унинг биринчи версиясида 37 киши бор эди, иккинчиси эса 145 кишига етказилган. Кейинроқ Москва Соғлиқни сақлаш департаменти пойтахт шифохоналарига олиб келинган 80 кишининг рўйхатини жойлаштирди.

22 март кечаси Москва вилоятидаги «Пикник» гуруҳининг концерти бўлиб ўтаётган Crocus City Hall концерт залида номаълум шахслар ўт очди. Бинода портлаш содир бўлган ва ёнғин бошланган. Reuters агентлигига кўра, теракт учун ИШИД масъулиятни ўз зиммасига олган.

«ИШИД жангарилари Москва атрофида ҳужумлар амалга ошириб, юзлаб одамларни ўлдириб, яралагани ва кейинчалик яширингани ҳақида хабар берган. Ҳужум тафсилотлари келтирилмаган», — дейилади хабарда.

Машҳур янгиликлар