11 May 2024, 09:24 Jahon

Литвада Ўзбекистон маҳсулотлари учун махсус терминал очилади

У орқали маҳсулотларни тақсимлаш, қадоқлаш ва бошқа Европа бозорларига олиб чиқиш имконияти яратилади.

Литвада Ўзбекистон маҳсулотлари учун махсус терминал очилади

Литванинг Клайпеда портида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг савдо уйи очилади. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.

Палата бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация Литвага ташриф буюрди. Унинг доирасида мамлакатнинг «Бега» логистик компанияси бош директори Лаймонас Римкус билан учрашув ўтказилди. Унда палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов ҳамда Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Тимур Раҳмонов иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистон маҳсулотларини Европа давлатлари бозорларига экспорт қилиш имкониятлари ва тадбиркорларга яратилган шароитларни муҳокама қилишди. Ўзбекистон маҳсулотларини Литва орқали Ғарбий Европа бозорларига экспорт қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Литванинг Клайпеда портида Савдо-саноат палатасининг савдо уйи, Ўзбекистондан Литвага экспорт қилинган маҳсулотларни сақлаш учун мўлжалланган махсус хаб ҳамда иқтисослашган терминал очишга келишиб олинди. Терминал Ўзбекистон маҳсулотларини Литвага етиб борганда уларни тақсимлаш, қадоқлаш ва бозор учун тайёр ҳолатда бошқа Европа бозорларига олиб чиқишга хизмат қилади.

«Бега» компанияси 1992 йилда ташкил этилган. Компания Клайпеда портида транспорт-логистика хизматларини кўрсатади. Компания қуйма ва суюқ маҳсулотларни ташишга ихтисослашган. Президент йирик порт шаҳарларда Ўзбекистоннинг савдо уйларини очишни топширди. Германия, Венгрия, Полша, Испания, АҚШ ва Қозоғистондаги савдо уйлари ҳам тадбиркорлар бошқарувига берилади.

Mashhur yangiliklar