7 Noyabr 2023, 00:33 Жаҳон

Италияда ҳибсга олинган «Путиннинг яхтаси» қўйиб юборилиши мумкин

Қиймати 500 миллион евродан ортиқ ҳашаматли «Шаҳризода» яхтаси таъмирланган ва сувга туширилган.

Италияда ҳибсга олинган «Путиннинг яхтаси» қўйиб юборилиши мумкин

Россия президенти Владимир Путинники экани айтилаётган ва Италияда ҳибсга олинган «Шаҳризода» (Scheherazade) яхтаси яна сувга туширилди. Бунга биринчи бўлиб соҳага оид eSysman SuperYachts канали эътибор қаратди.

Мутахассислар маълумотига кўра, яхта 2022 йил февралида Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли босқинидан кейин Marina di Carrara портида сақланаётган эди. Канал эгаларининг қайд қилишича, улар шу вақт мобайнида 4 марта портга боришган ва яхта Италия кемасозлари томонидан таъмирланаётганини кўришган.

«Шаҳризода» яхтаси «Путинга тегишли экани»ни россиялик мухолифатчи Алексей Навалний жамоаси ўз суриштирувидан сўнг эълон қилган. Яхтада хизмат қилувчи ходимларнинг барчаси русча исм фамилияга эга бўлгани ва уларнинг деярли барчаси Россия Федерал муҳофаза хизмати (ФСО) билан алоқадор экани, яхтани қуриш учун 583,1 миллион евро сарфлангани аниқлангани айтилган.

2022 йил май ойида яхта Италия ҳукумати томонидан ҳибсга олинди. Молия полицияси хабарига кўра, «яхтанинг ҳақиқий эгаси билан Россия ҳукуматининг таниқли вакиллари ўртасида муҳим иқтисодий ва бизнес алоқалари мавжудлиги» аниқланган.

Алексей Навалний томонидан асос солинган Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси (ФБК) суриштирув бўлими бошлиғи, Anti-Corruption Foundation (ACF) раиси Мария Певчих ижтимоий тармоқда Италия ҳукуматига мурожаат қилди.

«Агар Италия ҳукумати қандайдир сабабга кўра «Шаҳризода»ни қўйиб юборса, бу энг катта шармандалик бўлади. Бу Европа Иттифоқининг санкциялар сиёсатига энг жиддий зарба бўлади. Бундай бўлмаслиги керак. Путинга яхтасини қайтариб берманг, бунга ақл бовар қилмайди», деди Певчих.

Машҳур янгиликлар