Исроилнинг Рафаҳга ҳужуми оқибатида 45 киши ҳалок бўлди
Ҳужум БМТ ва Европа Иттифоқи томонидан қораланди. Нетаняху зарбани «фожиали бахтсиз ҳодиса» деб атади, лекин мақсадларга эришилмагунча урушни тугатиш ниятида эмаслигини маълум қилди.
26−27 май кунлари Исроил Рафаҳдаги чодирлар лагерларга ҳаво ҳужуми уюштирди. Ғазонинг ҲАМАС назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлган, яна юзлаб одамлар куйиш, синиш каби ҳамда бомба парчаларидан жароҳат олди.
Исроил парламентида сўзлаган Нетаняху зарба «фожиали бахтсиз ҳодиса» эканлигини айтди, аммо шундай қўшимча қилди: «Мен барча мақсадларга эришилмагунча урушни тугатиш ниятида эмасман». Унинг сўзларига кўра, Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча мумкин бўлган эҳтиёт чораларини кўрмоқда ва «Исроил армияси можарога алоқадор бўлмаганларга зарар етказмаслик учун ҳаракат қилмоқда».
«Рафаҳда биз миллионлаб аҳолини эвакуация қилдик, аммо ҳаракатларимизга қарамай, кеча фожиали воқеа содир бўлди», — деди Нетаняху парламентда. «Биз ушбу ҳодисани текширамиз ва хулоса чиқарамиз, чунки бу бизнинг сиёсатимиз», — дея қўшимча қилди у.
Исроилнинг зарбаси халқаро, жумладан, гуманитар ташкилотлар, БМТ ва Европа Иттифоқи томонидан қораланди. Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Хосеп Боррелнинг айтишича, Исроил БМТ судининг Рафаҳга ҳужумни тўхтатишга буйруқ берган қарорини ҳурмат қилиши керак.
«Бу операциялар тўхтатилиши керак. Рафаҳда фаластинлик тинч аҳоли учун хавфсиз ҳудудлар йўқ», — деб ёзди Франция президенти Эммануэл Макрон Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида. «Мен халқаро ҳуқуқни тўлиқ ҳурмат қилишга ва зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақираман», — дея қўшимча қилди Макрон.
Исроилнинг ҲАМАС билан музокараларида воситачилик қилаётган Қатар Ташқи ишлар вазирлиги бу воқеа тўхтаб қолган маслаҳатлашувларни қайта тиклаш ва гаровга олинганларни озод қилиш ҳаракатларига тўсқинлик қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Ахборот агентликларининг дипломатик манбаларига кўра, сешанба куни Жазоир ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтади.
Мавзуга оид хабарлар:
“Hizbulloh” Isroil poytaxtiga raketa hujumi uyushtirdi Eron havo hududi yopilgani sabab bir qancha aviareyslar yo‘nalishini o‘zgartirdi Isroil Erondagi harbiy obyektlarga havo hujumlarini uyushtirdi HAMAS’ning yangi rahbari Yahyo Sinvar ham o‘ldirildi Tel-Aviv – Samarqand – Toshkent aviaqatnovi majburiy kechiktirildi