2 Mart 2024, 08:14 Жаҳон

Британияда Ўзбекистонлик талабалар уюшмаси ташкил этилади

Уюшманинг расмий очилиш маросими жорий йилнинг 2 март куни мамлакатнинг Британиядаги элчихонасида бўлиб ўтади.

Британияда Ўзбекистонлик талабалар уюшмаси ташкил этилади

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштирокини рағбатлантириш доирасида Британияда Ўзбекистонлик талабалар уюшмаси (ЎзТУ) ташкил этилади.

«Дунё» хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида бир гуруҳ ватандош талабалар томонидан амалга оширилаётган ушбу ташаббус Британиядаги университетларда таҳсил олаётган Ўзбекистон ёшларини бирлаштириш, уларнинг билим олишлари учун қулай ва фаолиятнинг турли соҳаларида фаол иштирок этишлари учун универсал платформа яратишга қаратилган. Айни пайтда Британиянинг Оксфорд, Кембриж, Эдинбург, Лондон Иқтисодиёт мактаби, Лондон Империал коллежи каби нуфузли университетларда 600 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Шундан 120 нафари «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиантларидир.

Ўзбекистонлик талабалар уюшмаси ёшлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг касбий ва шахсий ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Британия ўртасидаги маданий-маърифий алмашинувни ривожлантиришга кўмаклашади. Бундан ташқари, ташкилотнинг ташкил этилиши талабаларнинг ўзаро самарали ҳамкорлик қилиши, тажриба ва билим алмашиши, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш имконини беради. Ўзбекистонлик талабалар уюшмасининг расмий очилиш маросими жорий йилнинг 2 март куни мамлакатнинг Британиядаги элчихонасида бўлиб ўтади. Тадбир доирасида талабалар ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилади.

Машҳур янгиликлар