8 Fevral 2024, 11:58 Жаҳон

Алишер Усмонов Европа санкцияларини олиб ташлаш бўйича судда ютқазди

Европа умумий юрисдикция суди россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг ўзига қарши санкцияларни бекор қилиш бўйича берган даъво аризасини қаноатлантирмади.

Алишер Усмонов Европа санкцияларини олиб ташлаш бўйича судда ютқазди

Усмонов Украинадаги уруш бошланганидан бир неча кун ўтиб, Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган эди. Европа Иттифоқи ўз қарорини изоҳлар экан, Усмоновни Россия президенти Владимир Путин билан «айниқса яқин алоқага эга шахс» сифатида таърифлади.

«У Россия ҳукуматининг Украинани беқарорлаштириш сиёсатини фаол қўллаб-қувватлади», дейилади Европа Иттифоқи санкциялари қарорида.

Европа суди, шунингдек, Россия бош вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Игор Шуваловнинг ҳам худди шундай шикоятини рад этди. Европа Иттифоқи уни «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ҳаракатлар ва сиёсатларни қўллаб-қувватловчи» сифатида тавсифлайди.

2023 йил августида Австриянинг Kurier газетаси Усмоновга судда ютқазиб қўйди, унинг мақоласида Усмонов Путиннинг «севимли олигархларидан бири» деб аталган эди. Ҳамбург суди низода тадбиркор томонида бўлди ва бу баёнот туҳмат деган хулосага келди. 2023 йил сентябрида ЕИ Кенгаши Усмоновга нисбатан «олигарх» таърифидан воз кечди.

Алишер Усмонов Россиянинг энг бой бизнесменлари рейтингида 8-ўринда. Тадбиркор USM ҳолдингининг асосчиси ва асосий акциядори (49%) бўлиб, ўз навбатида «Металлоинвест» ва «Мегафон» компанияларига эгалик қилади. Россиянинг Forbes нашри маълумотларига кўра, унинг бойлиги 2023 йилда 14,4 миллиард долларни ташкил қилган.

Машҳур янгиликлар